Ногирон ва эҳтиёжмандларга кўмакдош
Андижон вилояти Балиқчи туманида тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси ташаббуси билан амалга оширилаётган “Халқ билан бирга!” умуммиллий дастури доирасида сайёр қабул ҳамда “Юракка йўл” хайрия акцияси ўтказилди.
Ўтказилган сайёр қабулда партия етакчилари, партиядан сайланган депутатлар, тадбиркорлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, аҳоли ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Сайёр қабул давомида фуқароларнинг турли муаммо ва масалалар юзасидан мурожаатлари, таклиф ва ташаббуслари эшитилди. Мурожаат-ларнинг аксарияти тадбирнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Маълум вақт ва ўрганиш талаб этадиган масалалар ижросини таъминлаш, ҳал этиш чоралари белгиланиб, назоратга олинди.

Сайёр қабулда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва аёллар масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, дастур доирасидаги аввалги ўрганишлар давомида турли буюм ва жиҳозларга муҳтожлиги аниқланган бир гуруҳ ногирон шахсларга эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачалари, махсус ҳасса ва бошқа зарур техник воситалар топширилди.

– Хасталик туфайли юришга қийналаман, – дейди Балиқчи тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони Фотимахон Исманова. – Шу боис, тадбирда менга ногиронлик аравачаси берилди. Бундан жуда хурсандман, мен каби кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатаётган Президентимизга, мана шундай хайрли ишларга бош-қош бўлаётган барча инсонларга катта раҳмат.

Шунингдек, сайёр қабул давомида “Юракка йўл!” хайрия акцияси ўтказилиб, бир гуруҳ эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Умуман, партия ташаббуси билан ўтказилаётган “Халқ билан бирга!” умуммиллий дастури, бу каби тадбирлар аҳоли билан очиқ мулоқотни янада юқори босқичга кўтариш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ҳамда ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашиш борасидаги ишларнинг амалий намунаси бўлмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.