АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида поёнига етган “Saint Louis Rapid & Blitz 2025” турнирининг блиц йўналишида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов 11,5 очко билан ғолибликни тантана қилди.
Нодирбек Абдусатторов Максим Вашье-Лаграв, Григорий Опарин, Фабиано Каруанани мағлубиятга учратди. Левон Аронян, Уэсли Со, Сам Шанкланд, Леньер Домингез, Льем Ле билан кечган баҳсларда дурангга эришди. Доммаражу Гукешга қарши ўйинда очко йўқотган бўлса-да, умумий ҳолатда блиц мусобақаларини 1-ўринда якунлади.

Блиц баҳсларидаги ажойиб натижалардан кейин Абдусатторов дунёнинг энг кучли шахматчиларининг блиц рейтингини +17.3 га яхшилашга муваффақ бўлди ва 11-ўриндан 8-ўринга кўтарилди.
“Saint Louis Rapid & Blitz 2025” турнирининг умумий ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Левон Аронян 24,5 очко билан 1-ўрин ҳамда мукофот жамғармасида белгиланган 40 минг АҚШ долларига эга чиқди. 2-ўрин ва 30 минг АҚШ доллари 21,5 очко жамғарган Фабиано Каруанага тегишли бўлди. 21 очколи Максим Вашье-Лагравга 25 минг АҚШ доллари насиб этди.

Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов рапид ва блиц йўналишидаги мусобақаларда 20,5 очкони ўз ҳисобига ёзган ҳолда 4-ўринни ва 20 минг АҚШ долларини ўзиники қилди.
Эслатиб ўтамиз, энди Нодирбек Абдусатторов 18 август куни Сент-Луисда бошланадиган “Sinquefield Cup-2025” турнирида иштирок этади.

Айтиш лозим, 18-28 август кунлари ўтадиган “Sinquefield Cup-2025” турнири "Grand Chess Tour 2025" тизимидаги сўнгги мусобақа бўлиб, унинг мукофот жамғармаси 350 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда. Мазкур мусобақада ғолибликка эришган шахматчи 100 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА