ННТлар фаолияти янада такомиллашади
Андижонда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси аъзолари, Кенгаш ҳузуридаги Жамоат фонди мутасаддилари, адлия бошқармасининг масъул ходимлари, вилоятда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Бугунги кунда Андижон вилоятида 578 нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритмоқда. Улар томонидан фуқаролик жамиятини шакллантириш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ижтимоий шериклик асосида давлат идоралари билан ҳамкорликда мавжуд муаммоларни кенг жамоатчиликка етказиш, бартараф этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
[gallery-12928]
Жумладан, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловлари натижаларига кўра, вилоятдаги жамоат ташкилотларининг 5 ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаси 460 миллион сўмга молиялаштирилди.
Шунингдек, давра суҳбатида “Аграр соҳа аёллар уюшмаси” Андижон вилояти бўлими томонидан хорижий грант доирасида амалга оширилган лойиҳа тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, хорижий донор ташкилотлари билан ишлашнинг муҳим жиҳатлари, талаблари, миллий қонунчиликда белгиланган ҳуқуқий меъёрлар ҳақида тажриба алмашилди.
Давра суҳбати иштирокчилари томонидан жамоат ташкилотларининг ислоҳотлар жараёнларидаги фаол иштирокини таъминлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали ижтимоий шериклик механизмларини янада такомиллаштириш, жойларда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Мазкур йўналишда келгусида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА