НКМКнинг “Олтин” аёллари аниқланди
Юртимизда хотин-қизларнинг турмуш шароитини яхшилаш, маиший ҳаётдаги муаммоларини ҳал қилиш, фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, турли маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказилмоқда.
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ҳамкорлигида фаол, қобилиятли хотин-қизларни аниқлаш, бўлинмаларда фаолият олиб бораётган турли касб эгаларини қўллаб-қувватлаш, истеъдодли, ташаббускор соҳа вакилларини рағбатлантириш мақсадида “НКМК Олтин аёли” кўрик-танлови ташкил этилган.
Бу танлов тизим ташкилотларида меҳнат қилаётган 12 минг нафардан зиёд хотин-қизлар орасидан илғор, етакчиларни аниқлаш, улар салоҳиятини намуна сифатида кўрсатиш ҳамда тақдирлашга хизмат қилади.
[gallery-10837]
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида кўрик-танловнинг финал босқичи бўлиб ўтди. Унда ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 14 нафар энг зукко ва истеъдодли хотин-қизлар иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати ишчирокчиларнинг “Қизиқарли ишхонам”, “Қувноқ шоу стартлар”, “Тезкор савол-жавоб”, “Модалар намойиши” каби шартлар бўйича чиқишларини Низомда белгиланган талаблар асосида баҳолаб борди.
Якуний натижаларга кўра, “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖдан Марказий кон бошқармаси Ташқи сув таъминоти Бирлашган энергохизмати кимёвий таҳлил лаборанти Миве Пашбаева, “Навоийуран” давлат корхонасидан ҳужжатлар ижросини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати бошлиғи Наргиза Кенжаева, “НКМК жамғармаси” давлат муассасасидан “Зарафшон” ҳудудий бошқармаси кадрлар гуруҳи раҳбари Наргизахон Раҳмоновалар ғолиб бўлди ва “НКМК Олтин аёли” деган номга сазовор бўлишди.
Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан муносиб тақдирланди.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА