Навоий шаҳридаги “НКМК тарихи” музейида “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти фаолиятининг 2022 йил 1-ярим йилликдаги якунлари ва 2-ярим йилликдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти мамлакатимиздаги йирик саноат корхонаси ҳисобланиб, ярим йилликда қарийб 29 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Ҳисобот даврида олтин ишлаб чиқариш бўйича прогноз кўрсаткичи тўлиқ бажарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107,4 фоизни ташкил этди. Шунингдек, январь-июнь ойларида 15 триллион сўмлик бюджетга тўловлар амалга оширилди.
– Инвестициялар дастури доирасида 13 та лойиҳа бўйича 251,8 миллион АҚШ доллар миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, қиймати 696,7 миллион доллар бўлган 2 та объект фойдаланишга топширилди, – дейди жамият масъул ходими У.Костаев. – Комбинатда доимий равишда маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб борилади. Натижада 1-ярим йилликда 492,4 миллиард сўм иқтисод қилиниб, таннарх 5,8 фоизга пасайтирилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 282,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 1510 та янги иш ўрни ташкил қилинди. Соф фойда эса 8,2 триллион сўмни ташкил этди. Шу билан бирга тармоқлараро саноат кооперацияси доирасида қарийб 2,3 триллион сўмлик маҳсулот харид қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятини ташкил этиш жараёнида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Хорижий инвесторлар талабларига мувофиқ халқаро аудиторлик компанияси иштирокида Глобал ташаббускорлик ҳисоботи (GRI) стандартларига асосан барқарор ривожланиш ҳисоботи (ESG) тайёрланиб, молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритиш бўйича халқаро консалтинг компаниясини жалб қилган ҳолда “НКМК” АЖ фаолияти учун молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари (МҲХС) талабларига мос ҳисоб сиёсати ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 30 май куни эса комбинат тарихида илк маротаба 2021 йил учун молиявий ҳисоботларнинг тўлиқ мажмуаси Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ тайёрланди. Ҳисобот “Делойт ва Туш” халқаро аудит компанияси томонидан аудитдан ўтказилди ва ижобий хулоса олинди. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда комбинат балансида захираларни Австралия кодекси JORC Code стандартлари талаблари асосида қайта баҳолаш ишлари амалга оширилмоқда.
[gallery-8049]
Матбуот анжуманида акциядорлик жамиятида трансформация жараёни бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида 2-ярим йилликда бажарилиши режалаштирилган устувор вазифалар хусусида ҳам маълумот берилди.
Мутахассислар берган маълумотларга кўра, комбинатнинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун молиялаштириш манбаларини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, шу жумладан, халқаро молия институтларининг кредит маблағларини жалб қилиш бўйича етакчи хорижий банклар билан фаол музокаралар олиб бориш режалаштирилган. Шу билан бирга “Alvarez end Marsal” халқаро компанияси (Буюк Британия) билан ҳамкорликда харидлар ва бошқарув тизимларини аудитдан ўтказишни таъминлаш, харидлар соҳасида замонавий халқаро амалиёт тамойилларини жорий қилиш, илғор халқаро тажрибага асосланган харидлар тизимининг концепциясини ишлаб чиқиш, шаффоф режалаштириш тизимини таъминлаш, харидлар соҳасида кенгайтирилган бошқарув ҳисобдорлигини шакллантириш ҳам муҳим вазифадир. Ҳозир комбинатда бизнес-жараёнларни оптималлаштириш лойиҳаси доирасида “1С ERP: Холдингни бошқариш” бухгалтерия ва молиявий ҳисоботларни юритиш электрон тизимини тўлиқ жорий қилиш устида иш олиб борилмоқда.
Шунингдек, кадрлар сиёсатини янада такомиллаштириш йўналишларини ишлаб чиқиш, фаолият йўналишлари бўйича самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (KPI) тизими ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги тизимини жорий қилиш, қўшимча молиявий маблағларни жалб қилиш мақсадида акциядорлик жамиятининг корпоратив еврооблигацияларини муомалага чиқариш ва акцияларни бирламчи оммавий таклиф (IPO) асосида жойлаштириш ҳам долзарбдир.
Матбуот анжуманида мутасаддилар ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА