Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан
Сўнгги йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ барча соҳа ва тармоқларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Айни пайтда 60 минг нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган Навоий кон-металлургия комбинатида 3,4 миллиард АҚШ долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қутлуғ саналар, байрамлар арафасида эса янги ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларни фойдаланишга топшириш яхши анъанага айланган.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида НКМК Марказий кон бошқармасига қарашли 7-гидрометаллургия заводи ва “Мурунтов” кони 5-навбати 1-босқичи лойиҳаси асосида янги мажмуа фойдаланишга топширилди.
7-гидрометаллургия заводи очилиш маросимида вилоят ҳокими Қобул Турсунов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Навоий кон-металлургия комбинати бош директори Қувондиқ Саноқулов, меҳнат фахрийлари, тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилнинг декабрида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Навоий кон-металлургия комбинатида 2021 йилда 2 та йирик металлургия заводи барпо этилиши вазифаси белгилаб берилган эди.
Бепоён Қизилқум шароитида замонавий 7-гидрометаллургия заводи барпо этилди.
[gallery-3558]
– Ўтган даврда қурувчилар ва мутахассислар томонидан ушбу заводни қуришга, лойиҳанинг биринчи ва иккинчи босқичида маъданни қайта ишлашга ихтисослашган тўртта тегирмон блокларини ишга тушириш, энг муҳими, лойиҳани муддатидан олдин бажаришга эришилди, – дейди Марказий кон бошқармаси директор ўринбосари Отабек Ҳасанов. – Мазкур завод технологик жиҳатдан бошқа гидрометаллургия заводларидан ажралиб туради. Жумладан, корхона таркибида олтин кам бўлган маъдан энг мураккаб жараёнлар орқали, яъни, кислотали ишқорда қайта ишланиб, маҳсулот олинади. Кимёвий ишлов беришда маҳаллий маҳсулотлар ишлатилиши маҳсулот таннархини янада арзонлаштириш имконини беради. 2020 йилдан бошлаб завод ўз маҳсулотини бера бошлади. Ўтган йили корхонада 10 миллион тонна маъдан қайта ишланди.
Асосийси, ҳозирги кунга қадар мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, уларга тўлиқ ёш кадрлар, асосан, Навоий давлат кончилик институтини тугатган ёш мутахассислар ишга қабул қилинди.
Ҳозирда нафақат оддий больтлар, балки илгари четдан валютага олиб келинадиган кўплаб дастгоҳлар, асбоб-ускуналар, бутловчи материаллар қаторида шарли тегирмонларгача Навоий машинасозлик заводи ҳамда кон бошқармалари цехларида тайёрланмоқда. Мазкур завод қурилишида ҳам қўлланилган асосий технологик ускуналар чет элдан сотиб олинмасдан, Навоий машинасозлик заводида ишлаб чиқарилиши эвазига 56 миллион АҚШ долларга яқин маблағ тежалди.
ХХ асрнинг 50-йилларида таниқли геолог Иброҳим Ҳамробоев раҳбарлигида олиб борилган тадқиқотлар натижасида жаҳон кон-металлургия саноати тарихида муҳим воқеа – “Мурунтов” олтин кони топилди. Олтин захираларининг кўплиги, рудани қазиб олиш технологик шароитларининг қулайлиги учун кон “Аср мўъжизаси” деб тан олинди. 2020 йил якунларига кўра, нуфузли “KITKO” таҳлил маркази томонидан олтин қазиб олувчи етакчи конлар бўйича тузилган рўйхатда “Мурунтов” кони биринчи ўринни эгаллади. Айниқса, конда тик-қияли конвейер – КНК-270 нинг ишга туширилиши кон-металлургия тарихида муҳим янгилик бўлди.
Ҳозирги кунда бу кон геологлар томонидан энг йирик олтин захирасига эга кон сифатида эътироф этилиб, унинг захираси 4 минг тоннадан ортиқ баҳоланган. Бугунги кунда ушбу кондан йилига 42 миллион тоннадан ортиқ маъдан қазиб олинаётган бўлса, яқин келажакда бу кўрсаткични 50 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган. Шу мақсадда, айни пайтда қиймати 733,9 миллион доллар бўлган ва қарийб 1800 та янги иш ўрни яратиш имконини берувчи “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг V навбати” лойиҳаси жадал суръатларда олиб борилмоқда.
– Лойиҳани амалга оширишдан мақсад, “Мурунтов” конининг V навбати I босқичини белгиланган муддатда ўзлаштириш, 2-гидрометаллургия заводи қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш асосида қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришдир, – дейди “Мурунтов” кони даврий узлуксиз технологиялар кон цехи бошлиғи Шерзод Фахриддинов. – Мазкур лойиҳа майдалаш ва узатиш пункти, қия-магистрал конвейер, ағдарма ташиш конвейери, темир йўл ўтиш иншооти каби қисмларни ўз ичига олади. Майдалаш ва узатиш пункти автомобиль ва конвейер транспортининг кесишмасида жойлашган бўлиб, кон тошларини маълум миқдоргача майдалаб, сўнгра қия магистрал конвейерга узатади. Унинг умумий қуввати соатига 7 минг тоннани ташкил этади.
Барча конвейерлар Навоий машинасозлик заводида тайёрланиб, уларни йиғиш ишлари Зарафшон қурилиш бошқармаси, “Жанубсаноатмонтаж” акционерлик жамияти ҳамда Марказий кон бошқармаси мутахассислари ва ишчилари томонидан амалга оширилган.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА