“НКМК олтин аёли” танлови ғолиблари
Ҳар йили “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Навоийуран” давлат корхонаси, “НКМК жамғармаси” давлат муассасаси ҳамкорлигида фаол, қобилиятли хотин-қизларни аниқлаш, бўлинмаларда фаолият олиб бораётган турли касб эгаларини қўллаб-қувватлаш, истеъдодли, ташаббускор соҳа вакилларини рағбатлантириш мақсадида “НКМК олтин аёли” кўрик-танлови ўтказилмоқда.
Бу танлов ташкилотчиларига қарашли бўлинмаларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар орасидан ҳар жабҳада илғор бўлган етакчиларни аниқлаш, улар салоҳиятини намуна сифатида кўрсатиш ҳамда тақдирлашга хизмат қилади.


Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган танловнинг финал босқичи Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида ташкил этилиб, унда ҳудудий босқичларда ғолибликни қўлга киритган 13 нафар энг зукко ва истеъдодли хотин-қиз иштирок этди.


Ҳакамлар ҳайъати ишчирокчиларнинг “Мен шу юрт Тўмарисиман”, “Тезкор савол-жавоб”, “Анъанавий модалар намойиши” каби шартлар бўйича чиқишларини баҳолаб борди.
Якуний натижаларга кўра, “НКМК олтин аёли” кўрик-танловининг финал босқичида “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятидан Шимолий кон бошқармаси кимёвий таҳлил лаборанти Дилдора Расулова, “НКМК жамғармаси” ДМдан “Фарҳод” маданият саройи ходими Машҳура Сагдуллаева, “Навоийуран” ДКдан “Зафаробод” кон бошқармаси муҳандиси Нафиса Санақуловалар ғолибликни қўлга киритди.


“НКМК” АЖ бошқаруви раиси – бош директори Қувондиқ Санақулов ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғаларни топширди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири