“Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти мамлакатимиздаги йирик саноат корхонаси ҳисобланади.
Қизилқум саҳросида меҳнат қилаётган кончилар бугун иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Корхонанинг кўп минг кишилик жамоаси ҳар доимгидек ўз анъаналарига содиқлик билан олдига қўйган вазифаларни шараф билан адо этишга, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида белгиланган режаларни ортиғи билан бажаришга эришди. Хусусан, корхонада 29 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Ҳисобот даврида олтин ишлаб чиқариш бўйича ўсиш суръати прогноз кўрсаткичи тўлиқ бажарилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 107,4 фоизни ташкил қилди. Қувонарли жиҳати, жамоа олти ойликни 8,2 триллион соф фойда билан якунлаб, ўсиш суръати 2021 йилга нисбатан 151,6 фоизга бажарилди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугунги кунда комбинат мамлакатимиздаги энг йирик солиқ тўловчи ҳисобланади. Биргина, шу йилнинг ўтган январь-июнь ойларида 15 триллион сўмлик бюджетга тўловларни амалга оширгани ва прогноз кўрсаткич 102,5 фоизга бажарилгани бунинг исботидир.
Айни пайтда комбинат фаолиятида Инвестицион дастур алоҳида ўрин тутади. Бунинг ҳисобига кўплаб янги лойиҳалар ишга туширилмоқда. Ўтган олти ойда ушбу дастурга кирган лойиҳалар бўйича қарийб 252 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилди. Ҳисобот даврида комбинат тизимида 1510 та янги иш ўринлари ташкил қилиниб, прогноз кўрсаткич 123,3 фоизга уддаланди.
Корхонада маҳаллийлаштириш дастури асосида амалга оширилаётган ишлар кўлами йилдан йилга кенгаймоқда. Унинг муваффақиятли амалга оширилиши ҳисобига маълум ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, мазкур дастурдаги 140 та лойиҳа доирасида 282,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 123,4 фоизга бажарилганлигини кўрсатади.
“НКМК” AЖ матбуот хизмати
ЎзА