Навоий шаҳрида Навоий кон-металлургия комбинати акциядорлик жамиятининг 2022 йил биринчи чорагида амалга оширилган ишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди. Унда Ходимлар ва маъмурий масалалар бўйича ўринбосар, Бошқарув аъзоси Курбонмурат Тапаров, Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими бошлиғи Умиджон Костаев ахборот берди.
Кейинги йилларда комбинатда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан, 2021 йилда 7-гидрометаллургия заводи фойдаланишга топширилди, 2-гидрометаллургия заводида йилига 12 миллион тонна маъданни қайта ишлайдиган “Б” корпуси ишга туширилди. Таъкидланганидек, ўтган йилда “НКМК” АЖнинг республика саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги улуши 13 фоиз бўлиб, 51,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва давлат бюджетига 35,8 триллион сўм тўловлар амалга оширилган. Комбинат фаолиятининг ўтган йил якуни бўйича соф фойдаси 11,5 триллион сўмни ташкил этиб, 2021 йилда комбинат жаҳондаги олтин ишлаб чиқарувчи компаниялар рейтингида 5-ўринни эгаллаган.
– Инвестиция дастури доирасида 604,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги маблағ ўзлаштирилиб, 3 минг 371 та янги иш ўрни яратилди, – дейди Бюджетлаштириш ва контроллинг бўлими бошлиғи Умиджон Костаев. – Маҳаллийлаштириш дастури доирасида эса 430,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва тармоқлараро саноат кооперацияси доирасида қарийб 4 триллион сўмлик маҳсулот харид қилинди. Маҳсулот таннархини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ижроси натижасида маҳсулот таннархини 1 триллион сўмга ёки 7,3 фоизга камайтиришга эришилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан “Навоий кон-металлургия комбинати” га ҳам мамлакат ҳудудларида олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни сотиб олувчи ихтисослаштирилган қабул кассаларини очишга рухсат берилган бўлиб, ўтган йилда қарийб 12 килограм миқдорида олтин харид қилинган.
Жорий йилда “Пистали” кони негизида йилига 4 миллион тонна олтин таркибли маъданни қайта ишлайдиган 6-гидрометаллургия заводи қурилиши бошланган бўлса, яқиндагина Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастури доирасида 40 миллион тоннадан ортиқ маъдан захирасига эга бўлган “Мурунтов” кони таркибида “Балпантоғ – Томдибулоқ” конида биринчи портлатиш ишлари амалга оширилди. Конлардан қарийб 15 йил мобайнида йилига 3 миллион тоннадан олтинга бой маъдан қазиб олинади.
Тадбирда ОАВ вакиллари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олди.
[gallery-6720]
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА