Барча ривожланган давлатларда маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган самарали механизмни жорий қилиш долзарб вазифа сифатида белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида “ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли” эканлиги, шу билан бирга инсон ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлашнинг кафолатларидан бири сифатида суд орқали ҳимояланиш усули белгиланган бўлиб, унга кўра ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасида суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи қонуний мустаҳкамланган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органлари ва бошқа органларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан (қарорларидан), шунингдек, ҳаёти ва соғлиги, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгалиги, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Мамлакатимизда давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари билан муносабатларда фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, яъни суд орқали ҳимояланиш маъмурий судлар томонидан амалга оширилмоқда.
Маъмурий судларнинг асосий вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бу вазифаларнинг бажарилиши ўз навбатида суднинг маъмурий идоралар устидан назарати институтини таъминлайди ҳамда бу маъмурий судларнинг ваколати доирасига, низоларнинг (ишларнинг) маъмурий суднинг судловига тааллуқлилиги билан боғлиқ.
Шу сабабли ҳам юртимизда маъмурий судларнинг фаолиятини янада такомиллаштиришга оид кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2021 йил 1 январдан Қорақолпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиб, туман (шахар) маъмурий судлари тугатилди. Янги ташкил этилган туманлараро маъмурий судлари маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилганлиги билан аҳамиятли бўлди. Янгидан шакллантирилган маъмурий судларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 26-моддаси талабига кўра, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий - ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқли.
Ўзбекистонда маъмурий судга тааллуқлиликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурати ўлароқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш ҳамда судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини ошириш вазифалари юкланди.
Бундан кўринадики, маъмурий судга тааллуқлиликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурати жамиятда қонун устуворлигига эришиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг суд орқали ҳимояланиш кўламини кенгайтириш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш, маъмурий судлар судловига тааллуқли муносабатларнинг қонун ҳужжатлари асосида аниқ белгиланиб суд томонидан ҳал этилишига, фуқаролар ортиқча сарсон бўлишларининг олдини олишга, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун қандай тартибда мурожаат қилиш мумкинлигини англашларига ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 2-моддасига кўра, маъмурий суд ишларини юритиш вазифалари қаторига маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш вазифаси ҳам киритилган бўлиб, бу суд назорати билан боғлиқ ҳисобланади. Бироқ, маъмурий суд иш юритувида суд назоратининг ўзига хос хусусияти шундаки, бу ҳолатда суд назорати фақат судга аризачи (манфаатдор шахс) томонидан берилган мурожаатга асосан яъни, устидан шикоят қилинаётган қарор ёки мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунийлигига баҳо бериш доирасидагина амалга оширилиши мумкин. Демакки, суд назорати чекланган, фақатгина низо предмети доирасида амалга оширилади. Низо предмети доирасида суд назоратини ўрнатишни ҳам тўла-тўкис деб бўлмайди, чунки маъмурий орган томонидан қабул қилинган ҳужжатларнинг қонунийлигига баҳо беришнинг яъни, қонунга зид ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топишнинг ҳуқуқий асоси ва механизми мавжуд эмас.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 15-моддасида ҳам суд маъмурий ишни кўраётганда маъмурий органнинг ҳужжати қонунга мувофиқ эмаслигини, шу жумладан ҳужжат ваколат доирасидан четга чиқилган ҳолда қабул қилинганлигини аниқласа, қонунга мувофиқ қарор қабул қилиши лозимлиги белгиланган. Шу билан бирга, Кодекснинг 188-моддасида судлар низони ҳал қилишда маъмурий органнинг ёки мансабдор шахснинг ваколатларини текширади, шунингдек устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлари (ҳаракатсизлик) аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузганлигини аниқлайди деб, 189-моддасида, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунчиликка зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас деб, ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилиши назарда тутилган.
Бундан кўринадики, суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунчиликка зид эканлигини аниқлаган бўлса-да, ушбу қарор ёки ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаган бўлса, аризани қаноатлантира олмайди. Масалан, маъмурий орган ваколатсиз бўлгани ҳолда қарор қабул қилган, лекин, ушбу қарор аризачининг ҳуқуқларига даҳл қилмаганлиги сабабли судлар томонидан аризани қаноатлантириш рад этилган ҳоллар учрамоқда.
Тўғри, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 174-моддасининг биринчи қисмида ишни кўриш чоғида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъий назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақли эканлиги, хусусий ажрим билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонунчилик ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин эканлиги белгиланган.
Амалиётда, хусусий ажрим натижасида қонунчилик ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масала маъмурий органлар томонидан уларнинг ваколати доирасида кўриб чиқилмоқда. Бу билан маъмурий судлар назорат фукциясини амалга оширмоқда. Бироқ, қонунга зид маъмурий ҳужжат ўз кучини сақлаб қолмоқда. Ваҳоланки, қонунга зид қабул қилинган маъмурий актлар ҳуқуқий тизимда мавжуд деб тан олиниши мумкин эмас. Тизимда қонунга зид актни сақланиши кейинги маъмурий актни қабул қилинишига ҳам олиб келиши мумкин бўлиб, бу жараённи янада мураккаблаштиради. Уларни бекор қилиш орқали масалани ечиб бўлмайди, чунки бу уларнинг ҳақиқийлигини тан олиш деб тушунилади ҳамда назарий жиҳатдан актни бекор қилишнинг оқибати бекор бўлган вақтдан бошланади.
Бунга маъмурий органларнинг юқори турувчи бўғимида ўзининг қуйи органи томонидан қабул қилинган ноқонуний қарорларга баҳо берувчи коллегиал тузилманинг йўқлиги, қонунчиликда маъмурий актни ҳақиқий эмас деб топишнинг суддан бошқа меҳанизмининг мавжуд эмаслиги сабаб бўлмоқда.
Хориж амалиётида ҳам хусусан, қўшни давлат бўлган Қозоғистон ёки ривожланган давлатлардан бири Германияда ҳам Ўзбекистондаги маъмурий судлар билан амалиёт ўхшаш бўлиб, Германияда маъмурий судлар тўғрисидаги қонунда маъмурий акт аризачининг манфаатларига таъсир қилса, судга мурожаат этиш ҳуқуқига эгалиги, агар аризачи маъмурий акт унинг ҳуқуқларига алоқадор бўлмаса суд уни кўриб чиқишни рад этиши, даъвони қабул қилишнинг шартларидан бири эканлиги белгиланган. Бироқ, бу давлатларда Ўзбекистон маъмурий судларидан фарқли ўлароқ маъмурий судга мурожаат этишдан аввал маъмурий органга маъмурий акт устидан шикоят этиш талаби, судга тааллуқлиликнинг мухим шарти ҳисобланади.
Такидлаш керак, судгача низони ҳал этиш институтини қўллаш айрим соҳаларда мавжуд. Умумий қоидага кўра фуқаро ва юридик шахс ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти - ҳаракатлар (қарорлар) устидан шикоят билан тобелик тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга мурожаат қилиши ёки қилмаслигидан қатъий назар, бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ, қонунларда судга мурожаат қилишдан олдин низони бошқача тартибда ҳал қилиш назарда тутилган бўлиши мумкин. Хусусан, бундай тартиб Ўзбекистон Республикасининг “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги, “Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунларида белгиланган. Ушбу қонунларда манфаатдор шахс судга мурожаат қилишдан аввал апелляция кенгашига, кейинчалик мазкур кенгаш қароридан норози бўлган тақдирда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.
Шу ўринда кўриб чиқилиши маъмурий судга тааллуқли бўлган давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар бўйича вилоят ҳокимиятида, нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар бўйича адлия бошқармаларида, мажбурий ижро бюроси мансабдор шахсининг қарори ва хатти-ҳаракатлари юзасидан вилоят бошқармасида тузиладиган апелляция кенгашларида судгача мазкур органларнинг юқори турувчисига шикоят бериш тартибини жорий этиш орқали суд тартибида шикоят қилиш фақат юқори турувчи органга шикоят қилингандан кейингина мумкин бўлишидан иборат тартибни қатьий белгилаш зарур.
Фикримизча, давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини такомиллаштириш, қуйи орган томонидан қабул қилинган маъмурий актларнинг қонунийлигига баҳо берувчи коллегиал тузилмани (апелляция кенгаши) тузиш, ушбу тузилманинг фаолиятига судгача низони ҳал этиш ваколатини ҳам бериш лозим.
Фуқаролар ва юридик шахслар ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан шикоят билан аввало ушбу қарорни қабул қилган (хатти - ҳаракатларни содир этган) давлат органининг юқори турувчи тизимига мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ бўлиб, мазкур ҳолат амалиётда низо тез ва тегишли суд харажатларисиз ҳал қилинишига сабаб бўлади.
Умида НИШОНОВА,
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси