"Нигоҳ" ижодий лойиҳаси самарали ўтмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси ҳамда Ўзбекистон Композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг “Режиссёр-драматург-композитор-рассом тамойили асосида ижодий ҳамкорлик майдонини кенгайтиришга қаратилган “Нигоҳ” ижодий лойиҳасини амалга оширилмоқда.

Режиссёр — драматург — композитор — рассом тамойили асосида ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган “Нигоҳ” ижодий лойиҳаси жорий йилнинг 7–10 сентябрь кунлари Тошкент вилояти, Паркент туманидаги “Паркент ижод уйи”да муваффақиятли ўтказиляпти.
Ижодий лойиҳа доирасида 55 нафар соҳа мутахассислари иштирок этмоқда. Шундан, 9 нафари тажрибали устоз мураббийлар (баҳолаш кенгаши аъзолари), 46 нафар ёш ижодкор (14 нафар драматург, 15 нафар режиссёр, 13 нафар рассом ва 4 нафар бастакор).

Ёш ижодкорлар томонидан ишланган 15 та ижодий ишни театр соҳасида узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келаётган устоз ва мураббийлар – Муҳаббат Тўлахўжаева, Валихон Умаров, Омонулла Ризаев, Гўзал Холиқулова, Аъзам Абдухалилов, Миржалол Холиқов, Акмал Сафаров, Шоҳруҳ Абдурасулов, Мафтуна Маҳмадаминова сингари экспертлар кўриб чиқиб, асарлардаги камчиликлар ва уларни бадиий-ғоявий такомиллаштириш бўйича ўз таклиф ва тавсияларини бериб бораяпти.

Ҳар бир ижодий иш устоз ва мураббийлар билан биргаликда қайта-қайта ишланиб, тайёр асар ҳолига келтирилаяпти. Ижодкорлар тайёр бўлган асарларини устоз ва мураббийлар (баҳолаш кенгаши) олдида ҳимоя қилади ва муҳокама олиб борилмоқда.
“Нигоҳ” ижодий лойиҳасининг 3-кунида баҳолаш кенгашининг якуний хулосавий муҳокамаси бўлиб ўтади. Бунда драматург, режиссёр, рассом, композитор ҳамкорлигида яратилган пьесалар танлаб олинади ва ғолиблар аниқланади.

Шунингдек, семинар доирасида устоз ва мураббийлар, тажрибали режиссёрлар томонидан ёш ижодкорлар учун маҳорат дарслари олиб борилади.
2026 йил 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги биносида тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтади.
Н.Усмонова, ЎзА