Нигина Абдураимова Қозонда чемпион бўлди
Қозон шаҳрида Халқаро теннис федерацияси томонидан аёллар ўртасида ўтказилган теннис мусобақасида ҳамюртимиз Нигина Абдураимова икки совринни қўлга киритди.
Мусобақанинг яккалик баҳслари финалида мезбонлар вакили Полина Кудерметовага қарши кортга чиққан Нигина 5:7, 6:3, 4:6 ҳисобларида имкониятни бой бериб қўйди ва турнирнинг вице-чемпионига айланди.
Жуфтлик баҳсларида эса Н.Абдураимова ҳамда россиялик Екатерина Рейнгольд тандеми сўнгги ҳал қилувчи финал учрашувида рус теннисчилари Александра Поспелова ва Екатерина Маклаковани 6:2, 6:7, 12:10 ҳисобида мағлубиятга учратиб бош совринни қўлга киритди.
Мазкур ғалабадан сўнг Нигина Абдураимова мусобақа ҳақидаги таассуротлари ва олдиндаги режалари ҳақида фикр билдирди.
– Ҳафта давомида кескин ва муросасиз баҳсларда иштирок этиб, ўз маҳоратимни оширдим. Биласиз, теннисда бир спортчи икки йўналишда иштирок этиши мумкин. Ушбу имкониятдан фойладалиб ҳам яккалик ҳам жуфтлик баҳсларида иштирок этдим. Албатта, бундай мусобақаларда кўпроқ ўйин ўтказиб ўз тажрибамни оширишга аҳамият қаратаман. Мазкур мусобақада яккалик баҳсларида бош совринни қўлга киритишим мумкин эди, афсуски, бироз омад етишмади. Шундай бўлса-да, жуфтлик баҳсларида шеригим билан ғалаба қозонишга муваффақ бўлдим. Мусобақа ташкилотчиларидан миннатдорман, барчаси аъло даражада ташкиллаштирилди. Жорий мавсум мен учун омадли ўтмоқда. Россия ва Қозоғистонда ўтган халқаро турнирларда зафар қучдим. Келгусида имкон қадар кўпроқ мусобақаларда иштирок этиб, рейтингдаги ўрнимни юқорилаш мақсадидаман ва “WTA” турнирларида иштирок этишни режалаштиряпман.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА