Нигерияда 40 нафарга яқин кончи ҳалок бўлди
Нигерия марказидаги Плато штатида жойлашган қўрғошин ва рух конида углерод монооксиди сизиб чиқиши оқибатида камида 37 нафар кончи ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC ёзган.
Фожиа “Solid Unity Nigeria Ltd” тоғ-кон компанияси томонидан бошқариладиган мажмуада эрта тонг содир бўлгани тахмин қилинмоқда. Газ ер остида, етарли шамоллатилмайдиган туннелда тўпланган. Ишчилар тунги навбатчилик вақтида заҳарланган. Ҳодисадан эрталаб ишга келганлар биринчи бўлиб хабар топган. 20 дан зиёд кончи қутқарилган ва зудлик билан шифохонага жўнатилган.
BBC мухбирига интервью берган маҳаллий аҳоли вакиллари қурбонлар 20-40 ёш оралиғидаги эркаклар эканини таъкидлаган. Марҳумлар маҳаллий анъанага кўра, дафн қилинди. Айни пайт фавқулодда ҳолат сабабини аниқлаш учун тергов олиб бориляпти.
Нигерияда шунга ўхшаш воқеалар тез-тез содир бўлиб туради.
О.Шарипов, ЎзА