Кеча Нигер ғарбида, Мали чегарасидан унча узоқ бўлмаган жойда юзлаб террорчилар 34 нафар нигерлик аскарни ўлдирди, дея хабар бермоқда “France 24” нашри.
Мамлакат Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужум Тиллабери провинциясининг Банибангу туманида содир бўлган. Вазирлик маълумотларига кўра, ҳарбий базага ҳужум қилган террорчиларнинг шахси ҳозирча аниқланмаган.
– 19 июнь куни бир неча юз ёлланма аскарлардан иборат тўда саккизта машина ва 200 дан ортиқ мотоциклда келиб Банибангу туманига ваҳшиёна ҳужум уюштирди, - дейилади вазирлик баёнотида. – Ҳарбийлар ва ҳужумчилар ўртасидаги жангда 34 аскар ҳалок бўлди, 14 нафари яраланди.
Баёнотда ҳужумчиларнинг кўпчилиги йўқ қилингани, бироқ ҳеч бир гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмагани таъкидланган.
Вазирлик шунингдек, туманга қўшимча куч юборганини ва ҳужумчиларни топиш учун қуруқлик ва ҳаво орқали қидирув ишлари давом этаётганини маълум қилди.
Ҳарбий хунталар томонидан бошқариладиган Нигер ва Мали давлатлари сўнгги ҳафталарда кучайиб бораётган зўравонликларни тўхтатиш учун қаттиқ курашмоқда.
Ў.Алимов, ЎзА