Нидерландиядан майда шохли моллар олиб келинади
Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Юсупов раҳбарлигидаги делегация чорвачилик соҳасидаги лойиҳаларнинг амалий жиҳатларини хорижий тажрибалар асосида муҳокама қилиш мақсадида Нидерландияга ташриф буюрди.
Қўмита ахборот хизмати маълумотига кўра, ташриф доирасида Нидерландия қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул ходими П.Вандраагер билан музокаралар олиб борилди. Суҳбат жараёнида қоракўлчилик соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар, имконият ва имтиёзлар ҳақида тақдимот ўтказилди.
Шунингдек, икки давлат масъул идоралари ўртасида майда шохли молларни кўпайтириш, Ўзбекистонда деградацияга учраган яйлов майдонларини жараёндан чиқариш ва бу борада нидерландиялик мутахассисларни жалб этиш ҳамда ушбу давлатнинг Вагенинген университети билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида Нидерландиянинг майда шохли моллар етиштирадиган маҳаллий фермер хўжаликлари фаолияти ўрганилди. Ушбу соҳа вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилди ва тегишли компаниялар билан чорва молларини етказиб беришнинг ташкилий масалалари кўрилди.

Учрашувда Нидерландия қишлоқ хўжалиги вазирлиги экспертлари ва фермерларнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ва Европанинг илғор технологияларини амалиётга киритиш юзасидан тегишли келишувларга эришилди.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА