Жорий йил 1 сентябрь куни АҚШ ва Канада чегарасида жойлашган дунёга машҳур Ниагара шаршараси Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига республика миллий байроғи рангларига бурканади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистоннинг АҚШ ва Канадаги (қароргоҳи Вашингтонда) элчихонаси Ниагара шаршараси маъмурияти билан ушбу тадбирни ташкил этиш бўйича келишувга эришди.
Элчихона маълумотига кўра, Ғарбий ярим шарг энг катта шаршарасининг Ўзбекистон байроғи рангларига безаниши 1 сентябрь куни маҳаллий вақт билан 22:30 да (2 сентябрь Тошкент вақти билан 07:30 да) жонли эфирда намойиш этилади.
Ниагара шаршарасининг мамлакатимиз байроғи тусига кириши 15 дақиқа давом этади.
АҚШ ва Канадада яшовчи юртдошларимиз эса ушбу тадбирни веб-сайтидаги анкетани тўлдириб, тўғридан-тўғри кузатиш имкониятига эга.
Ниагара Шимолий Америкада энг машҳур шаршара ва энг йирик сайёҳлик ҳудуди ҳисобланади. Шаршарани кўриш учун ҳар йили бутун дунёдан миллионлаб сайёҳлар келади.
Шаршара кенглиги 792 метр, баландлиги эса 53,6 метрни ташкил этади. Ундан тушаётган сув ҳажми секундига 2,2 миллион кубометрга тенг.
Ниагара шаршарасини тунда ёритиш учун 1,4 мингта ёритгичдан фойдаланилади. Улар биргаликда 16 миллиондан ортиқ рангда турли композицияларни ташкил этиш имкониятига эга.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, 2020 йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган дунёнинг энг баланд иморати – Бурж Халифада Ўзбекистон байроғи 1 сентябрь куни 1 дақиқа давомида намойиш этилганди.
М.Тошқораева, ЎзА