“Ниқоб”ли сотувчи фош бўлди
Шу кунларда юртимизнинг турли ҳудудларида хайрия акциялари ўтказилиб, одамлар бир-бирига меҳр-мурувват кўрсатмоқда.
Шу кунларда юртимизнинг турли ҳудудларида хайрия акциялари ўтказилиб, одамлар бир-бирига меҳр-мурувват кўрсатмоқда. Таассуфки, юзага келган вазиятдан ўз мақсади йўлида фойдаланиб, мўмай даромад топиш илинжида юрган фуқаролар бор экан.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилаётган назорат тадбирлари давомида оғир дамларда ҳамюртларимизга наф келтириш ўрнига нафс тўрига илиниб, ноқонуний фаолият юритаётганлар ҳам борлиги аниқланмоқда.
Жумладан, “Каттақўрғон шаҳар деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Яшил бозорда ўтказилган назорат тадбирида фуқаро Ж.З. тиббий буюмлар савдоси билан ҳужжатсиз шуғулланаётгани аниқланди. Фуқародан умумий қиймати 4 миллион 226 минг сўмлик 1947 дона тиббиёт ниқоби, 43 та қўлқоп, 164 флакон этил спирти олиб қўйилди.
Нарпай туманидаги “Мирбозор бозори” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган назорат тадбирларида эса фуқаролар Ҳ.Р., З.Х., О.Б. ва И.Қ. давлат рўйхатидан ўтмасдан қишлоқ қўжалиги маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келаётгани маълум бўлди. Натижада улардан жами қиймати 1 миллион 840 минг сўмлик 409 килограмм картошка олиб қўйилди.