Нетаньяху нега сулҳни бузди?
Сешанба куни эрта тонг Ғазо сектори бўйлаб юзлаб фаластинликлар умрига зомин бўлган Исроил ҳужуми тўлқини Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг январь ойида ХАМАС билан эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувидан чиқиш ҳаракати чўққисига айланди.
Уруш бошлангандан буён Нетаньяху турфа, эҳтимол бир-бирига мос келмайдиган босимларга дуч келмоқда: гаровга олинганларнинг оилалари яқинлари озод қилиниши учун ХАМАС билан келишувга эришиш, ўта ўнг коалициядаги ҳамкорлари эса жангари гуруҳни йўқ қилиш учун урушни давом эттириш тарафдори.
Шу кунларда у иккинчиси йўлни танлаганга ўхшайди. АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти ҳам Нетаньяхунинг ўзи даъво қилган сулҳдан бир томонлама чиқиш қарорини қўллаб-қувватлади.
Жанг жонланиши ХАМАСнинг урушни тўхтатиш бўйича музокара бошланишидан олдин қўшимча гаровга олинганларни озод қилишдан бош тортгани билан изоҳланяпти. Исроил далил келтирмасдан ҳаракатни янги ҳужумлар уюштиришда айблади. Гуруҳ айбловни рад этди.
Исроил зарбасига ҳали ҳарбий жавоб бермаган ХАМАС бир неча ҳафта давомида келишувнинг иккинчи босқичи бўйича жиддий музокара ўтказиш, жумладан кўпроқ фаластинлик асирлар эвазига тирик қолган гаровдагиларни қўйиб юбориш, Ғазодан қўшинни тўлиқ олиб чиқиш ва давомли ўт очишни тўхтатишга чақирди.
Кутилган мулоқот февраль ойи бошида ўтиши керак эди. Энди умуман бўлмаслиги ҳам мумкин.
Ўт очишни тўхтатиш келишуви нимани англатади?
Январь ойида истеъфога чиққан Байден маъмурияти ва Трамп бошқаруви босими остида эришилган келишувнинг 19 январдан 1 мартгача давом этган биринчи босқичида ХАМАС 25 нафар исроилликни 1800 га яқин фаластинлик маҳбус, жумладан ҳалокатли ҳужум учун умрбод қамоқ жазосини ўтаётган юқори мартабали жангарилар эвазига озод қилди. Исроил кучлари буфер зонага чекинди, юз минглаб фаластинликлар уйига қайтди, гуманитар ёрдам кўпайди.
Ўтган йил июнь ойида телевидениега берган интервьюсида Нетаньяху гуруҳ йўқ қилинмаса, давомий сулҳга эришиб бўлмаслигини айтганди:
– ХАМАСни маҳв этиш мақсадига эришиш учун танаффусдан кейин урушни давом эттириш ниятидамиз. Мен бу ниятдан воз кечишга тайёр эмасман.
18 январь куни, ўт очишни тўхтатиш арафасида эса у “Лозим бўлса, АҚШ кўмагида урушга қайтиш ҳуқуқини сақлаб қоламиз”, деди.
Нетаньяху сулҳни нега рад этди?
Доимий ўт очишни тўхтатишга рози бўлиб, Нетаньяху сиёсий инқирозга учраши, деярли 15 йиллик узлуксиз бошқарув ваколатини бой бериши мумкин.
Ўта ўнгпозициячи молия вазири Бецалел Смотрич “Агар Нетаньяху ҳужумни давом эттириш ўрнига, 2-босқичга ўтса, коалицияни тарк этаман, дея таҳдид қилди. Мухолиф партиялар гаровга олинганларни қайтариш бўйича ҳар қандай келишувда Бош вазирни қўллаб-қувватлашга ваъда беришди, аммо барибир коалиция жиддий заифлашади. Бу эса барвақт сайлов ўтказилиши эҳтимолини оширади.
Ҳарбий ҳаракатни тиклаш орқали Нетаньяху Смотричнинг қўллаб-қувватловига эришди. Зарбалардан сўнг у яна бир ўта ўнг қанот шериги Итамар Бен-Гвирни ҳам ўзига оғдирди. Бу гуруҳ январда сулҳдан қочган, лекин сешанба куни коалицияга қайтди.
ХАМАС Исроилнинг 15 ойлик бомбардимони ва қуруқликдаги амалиётига чидади. Маҳаллий соғлиқни сақлаш идораси расмийлари айтишича, 48 000 дан кўп фаластинлик ўлдирилган, Ғазонинг катта қисми вайрон қилинган. Ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга киргач, гуруҳ дарҳол ҳукмронлигини тиклади.
Урушдан кейин Ғазони ким бошқариши масаласида келишув йўқ. Ҳатто, Ғарб қўллаб-қувватлаган Фаластин маъмурияти номига бошқарувни қўлга киритса ҳам ХАМАС кучлироқ таъсирга эга бўлади ва ҳарбий салоҳиятини тиклаб олади.
Кўпгина исроилликлар, айниқса Нетаньяхунинг қирғий базаси ва унинг ўта ўнг иттифоқчилари учун бу мағлубиятга ўхшайди.
Нетаньяху сулҳни қандай тугатди?
Биринчи босқич тугагач, Нетаньяху Исроил АҚШнинг янги таклифига рози бўлганини билдирди. Яъни, ХАМАС сулҳ муддатини етти ҳафтага узайтириш ва доимий сулҳ бўйича музокарани бошлаш учун номаълум ваъда эвазига қолган гаровга олинганларнинг ярмини озод қилиши зарур.
ХАМАС январь ойида келишилган таклифдан фарқли эканини айтиб, янги режани рад этди ва музокарани иккинчи босқичда зудлик билан давом эттиришга чақирди.
Трампнинг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткофф айтишича, ХАМАС очиқчасига эгилувчанликни даъво қилиб, “мутлақо имконсиз” талаблар қўйган.
Шундан сўнг Исроил Ғазога барча озиқ-овқат, ёнилғи ва бошқа гуманитар ёрдам йўлини тўсди. Кейинчалик электр энергиясини узиб қўйди. Бу чора жуда муҳим объект – туз тозалаш заводига таъсир қилди. Шунингдек, Исроил келишувда кўрсатилганидек, Ғазо ва Миср чегарасидаги стратегик йўлакдан чиқмаслигини айтди.
Исроил сўнгги кунларда Ғазога ҳужумни кучайтириб, портловчи моддалар қўйган ёки бошқа жангарилик фаолияти билан шуғулланган одамларни нишонга олди. Сешанба куни, тахминан соат 02 да уруш бошлангандан бери энг ҳалокатли тўлқинлардан бири бошланди.
Трамп сулҳ ҳақида нима деди?
Трамп январь ойида ўт очишни тўхтатиш бўйича воситачилик қилгани учун кредит олди, аммо ўшандан бери вазиятдан норози. У “Агар ХАМАС гаровга олинганларни зудлик билан озод қилмаса, жаҳаннам бошланади, дея огоҳлантириб, бу қарор Исроил зиммасига тушиши кераклигини қайд этди.
Шунингдек, Қўшма Штатлар Ғазо устидан назоратни қўлга олиши ва ҳудудни сайёҳлик маскани сифатида ривожлантириши учун 2 миллионга яқин фаластинликни сектордан бутунлайкўчиришни таклиф қилди. Режани Нетаньяху қўллаб-қувватлади.Бу халқаро ҳуқуқ бузилиши, деган фаластинликлар, араб давлатлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар ташаббусни бир овоздан қоралади.
Оқ уй сешанба кунги зарбалар олдиндан маслаҳатлашгани ва бу борада Исроил қарори қўллаб-қувватланганини тасдиқлади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА