Нетаньяху: Исроил қўшини Ливан жанубини тарк этмайди
Бош вазир Биньямин Нетаньяху ҳукуматлар ўртасида АҚШ воситачилигида хавфсизлик бўйича келишув имзолангандан кейин илк бор Ливаннинг Исроил армияси назоратидаги ҳудудида бўлиб, “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатидан келаётган хавф бартараф этилмагунча, қўшин мамлакат жанубидан олиб чиқилмаслигини айтди.
Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди. Сешанба куни Исроил мудофаа вазири Исроил Кац ва юқори мартабали ҳарбийлар ҳамроҳлигида Ливан ҳудудига келган етакчи аскарлар билан учрашди. Бош вазир девони тарқатган баёнотга кўра, ҳукумат раҳбари “Ҳизбуллоҳ” қуролланган ҳолда хавф туғдиришда давом этар экан, Исроил армияси ҳам Ливан жанубида қолишини қатъий билдирган. Мазкур ташриф ўтган жума куни АҚШ кўмагида эришилган ва Исроил томонидан икки ҳудудни Ливан миллий армияси назоратига топширишни кўзда тутувчи битимдан сўнг амалга оширилди.
Эслатиб ўтамиз, Нетаньяху охирги марта Ливаннинг Исроил назоратидаги қисмига апрель ойида ҳам келган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА