Исроил етакчиси Биньямин Нетаньяху Эроннинг яқинда ўтказган ҳарбий машқларидан хабардор эканлигини ва вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини билдирди. У бу ҳақда Қуддусда Греция бош вазири Кириакос Мицотакис ва Кипр президенти Никос Христодулидес билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилган.
– Биз жараёнларни кузатиб боряпмиз ва барча зарур тайёргарликларга эгамиз, -деди Нетаньяху. – Шуни айтмоқчиманки, Исроилга қарши ҳар қандай ҳаракатнинг оқибати жуда аянчли бўлади.
Унинг таъкидлашича, Теҳроннинг ядровий фаолияти Исроил бош вазирининг Вашингтонга ташрифи давомида Оқ уй раҳбари Дональд Трамп билан муҳокама қилинади. Нетаньяху сўнгги кескинликларга қарамай, Исроил Эрон билан қарама-қаршиликка интилмаслигини ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликдан манфаатдор эканлигини айтди.
Аввалроқ, форс нашрлари Эроннинг бир нечта шаҳарларида ракета машқлари ўтказилиши ҳақида хабар берган эди. Ғарб давлатлари Ислом Республикасининг ракета имкониятларини Яқин Шарқни беқарорлаштиришга қодир омил сифатида кўришади, расмий Теҳрон эса ядровий қурол ишлаб чиқариш ниятини рад этиб келади.
Г.Сатторова, ЎзА