Нега зайтун ёғининг нархи баланд?
Мамлакатимиз аҳолисининг ўсимлик мойига бўлган йиллик талаби 475 минг тоннани ташкил этгани ҳолда ёғ-мой корхоналари томонидан йилига 259 минг тонна ўсимлик мойи ишлаб чиқарилмоқда.
Республика аҳолисининг ўсимлик мойига бўлган талаби маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан 55 фоизга таъминланиб, ички бозор эҳтиёжининг 45 фоизи импорт ҳисобига қопланмоқда. Шу боис ҳозирги кунда барча ҳудудларда мойли экинлар турларини етиштириш ҳажмини кескин ошириш, уни етиштиришда замонавий технологияларни қўллаш эҳтиёжи юзага келди. Бунда ер ва сув ресурсларининг чекланганлигини инобатга олган ҳолда мавжуд ер майдони ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чораларини кўриш талаб этилмоқда.
Аҳолини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган ўсимлик мойи билан таъминлаш, импорт ҳажмини кескин қисқартириш мақсадида кунгабоқар, соя, масхар, рапс, кунжут ва зиғир экиладиган майдонлар ҳажмини ошириш билан бир қаторда ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда зайтун ўсимлигини плантация усулида етиштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жорий йилда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 530 гектар, шу жумладан, Сурхондарё вилоятининг Олтинсой, Музраобод ва Узун туманларининг ҳар бирида 100 гектар, Термиз, Жарқўрғон, Сариосиё, Бандихон туманларининг ҳар бирида 50 гектар, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 30 гектар майдонда зайтун плантацияси барпо этилади. Ушбу ҳудудларга 10 даражагача бўлган совуққа чидамли Арбусано (Италия), Арбикино (Италия), Манзания ва Колорес (Испания) ҳамда Гемлик (Туркия) навли 465 минг туп зайтун кўчатлари ўтқазилиши кўзда тутилмоқда.
“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси матбуот хизмати маълумотига кўра, зайтунзорлар барпо этувчи ташаббускорларга тижорат банклари томонидан 7 йил муддатга имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳамда томчилаб суғориш технологияларини жорий этиш учун 3,2 миллиард сўм миқдорида субсидиялар берилади.
Чунки зайтун мевасидан олинган мой ўзининг шифобахшлиги билан бошқа мойлардан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам бу маҳсулотнинг нархи баланд. Мутахассисларнинг таъкидлашича, зайтун мойини меъёрда истеъмол қилиш соғлиқ учун жуда фойдали ҳисобланади. Негаки, зайтун меваси таркибида омега-3 ва омега-6 каби 14 фоиз тўйинган ва 11 фоиз монотўйинмаган ёғ мавжуд. Энг муҳими, мевада монотўйинмаган олейк кислотаси мавжуд бўлиб, у мева таркибининг умумий 73 фоизини ташкил қилади.
Тадқиқотлардан маълум бўлишича, зайтун ёғи яллиғланишни камайтиради ва саратон касаллигининг олдини олади. Бундан ташқари, монотўйинмаган ёғ юқори ҳароратга чидамли бўлиб, қовурилганда ҳам фойдалилигини йўқотмайди.
- Қўшимчаларсиз тоза зайтун мойи жуда тўйимли ҳисобланади, – дейди ошқозон ва ичак касалликлари бўйича мутахассис шифокор Очил Элмуродов. - Унинг таркибида муҳим ёғ кислоталаридан ташқари, К ва Э витаминлари, шунингдек, сурункали касаллик хавфини камайтирадиган кучли антиоксидантлар мавжуд. Улар яллиғланиш билан курашади ва қондаги холестерол оксидланишидан ҳимоя қилади, бу эса юрак хасталигининг олдини олишга ёрдам беради. Танадаги сурункали яллиғланиш диабет, артрит ва Альцгеймер касаллигига олиб келиши мумкин. Зайтун мойи олеокантал туфайли яллиғланишни камайтиришга ёрдам беради. Олеокантал – ибупрофен каби ишлайдиган антиоксидантдир. 50 грамм ёғнинг таъсири катталар учун ибупрофеннинг ўн фоиз дозасига тенг эканлиги амалда тасдиқланган.
Олимларнинг фикрига кўра, зайтун мойи қондаги шакар миқдорига ва инсулин сезгирлигига яхши таъсир кўрсатади. 418 кишида ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, Ўрта Ер денгизи парҳези 2-тоифа диабет ривожланиш хавфини 40 фоиздан кўпроққа камайтирган. Бунинг учун қолган элементлар – оқсил ва углеводлар баланси ҳам ҳисобга олиниши керак.
Вазн ташламоқчи бўлганлар рационда ёғ миқдори қатъий чекланган бўлиши лозим. Шунга қарамай, олимлар ва овқатланиш мутахассислари зайтун мойига бой Ўрта Ер денгизи парҳезини соғлиқ учун энг фойдали ва самарали ҳисоблайди. 30 ой давом этган тажрибада ҳар куни 7 мингга яқин испаниялик коллеж талабалари овқатига зайтун мойи қўшиб берилган. Натижада улар нафақат ортиқча вазн тўплашмаган, балки баъзилари озган ҳам.
Ривожланган мамлакатларда инсульт юрак етишмовчилиги касаллигидан кейинги ўринда турувчи ўлим ҳолатларининг иккинчи сабаби ҳисобланади. 841 минг киши иштирок этган 32 та тадқиқот натижасига кўра, олимлар зайтун мойи касалликнинг ривожланиш хавфини камайтирадиган монотўйинмаган ёғларнинг ягона манбаи, деган хулосага келган.
Зайтун мойи зарарли бактериялар, шу жумладан, ошқозон ярасининг кенг тарқалган сабабчисини ҳам йўқ қилади. Шифокорларнинг таъкидлашича, зайтун мойи бактериянинг саккиз турига қарши курашади, уларнинг учтаси антибиотикларга чидамли бактериялардир. Олимлар инфекцияга қарши курашиш учун ҳар куни 30 грамм зайтун мойи истеъмол қилишни маслаҳат беради.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, бир гектар шартли суғориладиган майдонга зиғир етиштирилганда ўртача 10-12 центнердан ҳосил олинади ва ундан 300-360 литр, бир гектар майдонга кунжут экилганда 1,2-1,5 тонна хомашё етиштирилиб, 500-600 литр мой олиш мумкин.
Зайтун экилган бир гектар майдонда 350-400 туп дарахт бўлиб, ҳар бир дарахтдан 50-70 килограмм, жами 2,4-2,8 тонна мева йиғиб олинади, ундан 1,5-1,7 тонна зайтун мойи олинади. Зайтун 500 йилдан 4000 йилгача яшайдиган, узоқ яшовчи ва секин ўсувчи субтропик дарахт ҳисобланади. Унинг баландлиги 10-12 метрдан ошмайди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА