Нега никоҳланувчиларнинг чорак қисми аризасини қайтиб олмоқда?
Оила – муқаддас қўрғон. Инсон қалбида ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу қутлуғ даргоҳда шаклланади.
Ёхуд бир ойда парчаланаётган ишонч
Оила – муқаддас қўрғон. Инсон қалбида ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу қутлуғ даргоҳда шаклланади. Зеро, Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгиланганлиги замирида ҳам ана шу миллий қадриятимиз мазмуни мужассам.
Оилани игнанинг учида турган қасрга қиёслаши бежиз эмас. Ҳаётнинг аччиқ-чучугини татимаган йигит-қизнинг бир-бирига кўнгил қўйиши ёки ота-она ва яқинларнинг таклиф-тавсиясига асосан мана шу қўрғонга тамал тоши қўйилади. Уни қай тартибда безамоқ, ороламоқ эса янги бек ва бекага боғлиқ масаладир. Оила – икки ёшнинг ФҲДЁ бўлимида ўзаро розиликлари билан бериладиган ариза билан бошланади.
Қачонки оила мустаҳкам бўлса, жамиятда ҳам осойишталик, фаровонлик бўлади. Оилаларда парокандалик бўлса, жамиятнинг ҳам тинчи йўқолади ва у таназзулга юз тутиши мумкин. Бахтли оилалар туфайли бахтиёр жамият шаклланади. Чунки ўзаро меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирига меҳрибон бўлади.
Бугун аксарият ҳолларда тўйгача бир-бирини тушунган, ардоқлаган, қадрлаган ва ҳурмат қилган ёшлар орасига қора булутлар соя солаётганлигини ҳам кузатиш мумкин. Баъзида эса мақталган қиз ёки йигит улар айтгандек, тўкис бўлиб чиқмайди. Албатта, бу оиланинг моҳиятини тушунмаслик, унинг эртанги кунига ишончсизлик оқибатида келиб чиқаётган фикрлар холос.
Таҳлилларга кўра, оилани қадрлаган, унинг муқаддаслигига қалбан ишонган инсонлар ўз турмуш ўртоғи билан қирқ-эллик йил бирга яшаб ҳам ўз жуфти ҳалолларининг янги қирраларини кашф этаверар экан. Демакки, дунёда нуқсонсиз кишининг ўзи бўлмайди. Мана шу камчиликларини билиб, илғаб ҳам турмуш ўртоғини қадрлаган инсонларгина тўла-тўкис бахтга эришади.
Никоҳни қайд этиш бўлимларига келиб тушган ариза муаллифларининг кўпчилиги ўзаро суҳбат асносида ҳали оилага тўла-тўкис тайёр эмасликларини кўрсатаётгани ҳам бор гап. Мулоқот жараёнида турмушга чиқиш фурсати етганлиги ёки оиласи қистови билан уйланиши кераклигини айтишдан нарига ўтмайдиган баъзи ёшларда аризани ёзиб туриб, бир ойлик муддатдан сўнг уни қайтариб олиш фикри пайдо бўлмоқда. Аниқ рақамлар асосида таҳлил қиладиган бўлсак, биргина жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида Бўка тумани ФХДЁ бўлимига никоҳ тузилганлигини рўйхатдан ўтказиш бўйича 781 та ариза келиб тушган бўлса, шундан 480 та никоҳ қайд қилинган. 200 нафар ёшлар эса тўйга қадар ўз аризаларини қайтариб олиш мақсадида қайта мурожаат қилишгани кузатилди. Бу, ариза берган ёшларнинг 25,6 фоиз бир ойлик муддатда оилага қуришга тайёр эмаслигини баён этди, дегани.
Аризасини қайтариб олган ёшлар билан суҳбатлашганимизда, дабдабали тўй ўтказиш фикри, карантин бўлишига қарамай, орзу-ҳавас, деган тушунчалар мавжудлиги ҳозирги пандемия даврида ҳам ёшларнинг ҳали оила остонасига бормай туриб, йўллари айро бўлишига олиб келаётганлигига гувоҳ бўлаяпмиз. Яна бир асосий омиллардан бири, оилаларнинг бир-бирига мос эмаслиги ҳам ана шундай кўнгилсиз ҳолатларни юзага келтирмоқда.
Йигит ва қизнинг ариза ёзиш жараёнигача икки оилада қанча суруштирув, бир бирини ўрганиш жараёнлари кечади. Етти ўлчаб, бир кесиладиган ҳолатга келишади. Масаланинг долзарблигидан келиб чиққан ҳолда, аввало, катталар оила қуриш моҳиятини ёшларга тушунтирмас экан, бундай ҳолатлар кузатилаверади. Бу эса, биз мақсад қилган муқаддас қўрғонларнинг игна учидан қулашига олиб келишига замин яратади. Оила икки томонлама ишонч, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик билан бунёд этилади. Бундай қўрғон эса ҳеч қачон дарз кетмайди.
Ёшларга оила қуриш, уни юритиш қандай амалга оширилиши, оила аъзоларининг бир-бирларига муносабати қай тарзда бўлиши кераклиги ҳақида кенг тушунчалар беришимиз лозим. Уларга келин-куёвлик ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва масъулиятларини, оилавий маданият тушунчаларини ўргатмас эканмиз, ёшларнинг оила муносабатларига тайёр эмасликлари кўзга ташланаверади. Албатта, ҳар бир нарсани билиб, унинг мазмун-моҳиятига тушуниб етиб, билим асосида олиб борилиши кўп яхшиликларга сабаб бўлади. Шундагина ариза ёзишга келган ёшларимиз ўз хулосаларига ишонади, қалбларига қулоқ солади.
Оилалар тинч-тотув ва фаровон ҳаёт кечирсагина хонадондан файзу барака аримайди. Ҳар бир оиланинг бахту саодати юртимиздаги тинчлик-осойишталик, жамият барқарорлигининг ҳаётий мезонларидан саналади. Ана шу мезонларга кўз тегмасин.
Маҳлиё Усмонова,
Бўка тумани ФҲДЁ бўлими мудираси