Нега Испанияда сув ва ернинг қадри баланд?
Испаниялик машҳур ёзувчи Мигель де Сервантес асари қаҳрамони Дон Кихот образи ўзбекларнинг ҳам севимли қаҳрамонига айланган.
Испаниялик машҳур ёзувчи Мигель де Сервантес асари қаҳрамони Дон Кихот образи ўзбекларнинг ҳам севимли қаҳрамонига айланган. Бу китобни ўқиш жараёнида испан халқининг тантилиги, яхши яшашга интилишини ҳис қиласиз. Дон Кихот образида қишлоқ фуқаросининг ғоят содда яшаш тарзи, самимий характери гавдаланади.
Испания қишлоқлари, яшил далаларини кезар, камтар ва самимий одамлар билан суҳбатлашар эканмиз, беихтиёр улар орасидан Дон Кихотни излай бошлаймиз.
Альмерия шаҳридамиз. Тоғлар яшилликка бурканган. Испанияликлар ҳар бир қарич ернинг қадрига етар экан. Сувга бўлган муносабатига эса шаҳар яқинидаги сув омбори билан танишганимизда яна бор амин бўлдик. 15 минг гектар майдонни суғоришга мўлжалланган ушбу сув иншооти 2000 йилда қурилган. Шу боис, бу ерда замонавий технологиялар асосида сув тақсимланади.
– Бу ерда атиги 3 ишчи ишлайди. Сув омбори стратегик объект эмас. Сувнинг нархи қиммат эканини билган ҳар бир фойдаланувчи унга онгли муносабатда бўлади, – деди мазкур иншоот раҳбари Педро Эскрибано.

Чиндан ҳам бу заминда сув ва ернинг қадри баланд экан. Тоғлар, адирлар ва текисликларга дарахтлар экилган. Ишлар шу даражада режали ва тартиб билан амалга оширилганки, испанларнинг меҳнатсеварлигига қойил қоласиз. Сув омбор атрофида зайтун ва бодом дарахтлари парваришланади. Майдоннинг тўқсон фоизи эса зайтун ҳосилига тўғри келади.
