Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ўтган 2021 йилда корхонани модернизация килишга каратилган бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, бу жараёнда инвестиция лойиҳаси ва ишлаб чиқариш соҳасида белгиланган режалар ижросига катта аҳамият қаратилди.
“Фарғона НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати раҳбари Аҳмаджон Одилов корхона томонидан ўтган йилда қилинган ишлар ва 2022 йилдаги режалар хусусида маълумот берди.
– Ўтган йилни заводимиз жамоаси самарали якунлади, десак ўринли бўлади. Негаки, ушбу даврда инвестиция лойиҳаси ижроси ва ишлаб чиқариш бўйича режаларни бажаришга асосий эътибор қаратилди. Масалан, нефть хомашёсини қайта ишлаш ҳажми 1 миллион тоннадан оширишга эришилди. Энергия ресурслари истеъмолини тежаш дастури татбиқ қилинди. Нефть маҳсулоти йўқотишларини ишлаб чиқаришга қайтаришнинг доимий ишлайдиган схемаси яратилди. Тошлоқ ҳудудида жойлашган биринчи босқич ушлаб қолувчи қудуқларнинг бутун ҳажмини ишга тушириш бўйича ишлар қайта тикланди.
Бу каби тадбирлар экологик вазиятни назорат қилиш ва ойига 160 тоннагача ушланган нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қайтариш имконини беради. Бундан ташқари, консервация қилинган тиндиргич резервуарларни тозалаш орқали 300 тоннагача сақланиб қолган нефть маҳсулотларини қайтариш бўйича ишлар ташкил этилди.
Аҳамиятли жиҳати, биринчи бор Евро IV синфидаги дизель ёқилғисининг саноат партияларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, 2011 йилдан буён биринчи марта АI-95 II синфидаги автомобиль бензини ишлаб чиқариш қайта тикланди. Ташқи аудит натижаларига кўра, “Фарғона НҚИЗ” Энергия менежменти тизимининг (EMS) ISO 50001 халқаро стандарти талабларига мувофиқлиги тасдиқланди.
Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 февралдаги 67-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган “Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари” бўйича ишлар жадал давом эттирилмоқда. Экспертизадан ўтказилган ва ижобий хулоса олинган мазкур лойиҳа 2021 йилнинг 14 декабрида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан тасдиқланди. Франциянинг “Аksens” ва Буюк Британиянинг “Amec Foster Wheeler” - WOOD компаниялари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларга асосан бугунги кунда Россия Федерациясининг “Омскнефтехимпроект” МЧЖ томонидан янги технологик қурилмаларни қуриш учун ишчи лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилаётир.
Янги турдаги юқори самарадор хомашё ва тайёр нефть махсулотларини сақловчи резервуарларни қуриш буйича ишчи лойихаси бугунги кунда якуний босқичларда бўлиб, резервуарларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича “KONАR” АЖ билан шартнома имзоланди ва резервуарларни ишлаб чиқариш йўллга қўйилди.
Углеводород хомашёсини қуйиш ва тўкиш, қайта ишлаш ва сақлаш, ярим тайёр маҳсулотлар ва тижорат маҳсулотларини ўлчашни автоматлаштириш ускуналарини етказиб бериш бўйича ишлаб чиқарувчи компанияни жалб этиш мақсадида техник шартлар ишлаб чиқилиб, “Фарғона НҚИЗ” МЧЖ ва “SEG” МЧЖ мутахассислари билан хамкорликда тендер савдолари ўтказилмоқда.
Шунингдек, табиий газ етказиб бериш учун мўлжалланган умумий масофаси 12 километрдан иборат янги ташқи қувурини қуриш учун ер майдонларини белгилаш ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун жалб этилган “Водий коммунал сервис” МЧЖ томонидан лойиҳалаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2021 йилнинг 17 сентябрь куни Россиянинг “Газпромбанк” АЖ халқаро тижорат банки ҳамда экспорт кредитлари ва инвестицияларини суғурта қилиш агентлиги EKSАR суғурта агентлиги масъул вакиллари “Фарғона НҚИЗ”га ташриф буюрди ва заводда амалга оширилаётган кенг кўламли модернизация ва реконструкция қилишни юқори баҳолаб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини билдирди.
Бугунги кунда ушбу банклар талабига асосан амалга оширилаётган инвестицион лойиҳанинг ишчи ҳужжатларини ишлаб чиқишда қабул қилинаётган техник-технологик кўрсатгичларини ўрганиб чиқиш ва эксперт хулоса киритиш мақсадида халқаро техник консультантини жалб қилиш учун техник шарт ишлаб чиқилди ва дунёнинг юқори тажрибали махсус компанияларини тендерлар асосида жалб этиш ишлари йўлга қўйилди.
2021 йилнинг 15–19 ноябрь кунлари “Оптималлаштирилган режалаштириш моделини лойиҳалаш, ишлаб чиқиш ва ишга тушириш” лойиҳаси доирасида “SEG” МЧЖ, “AspenTech” ва “Фаргона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ вакиллари иштирокида офлайн амалий ўқув курси ва машғулотлар ташкил этилиши ҳам корхона фаолияти учун муҳим ҳисобланади. Йил сарҳисоби учун бундай фактлардан мисол тариқасида кўплаб келтиришимиз мумкин. Лекин энг муҳими, бу даврда эришилган натижалардир.
2022 йилда амалга ошириладиган ишларга қисқача тўхталадиган бўлсак, инвестицион лойиҳани амалга ошириш ишларини янада жадаллаштиришни мақсад қилганмиз. Ўз навбатида, ташқи инвестицияларни жалб этиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини янада оширишга эришиш ҳам асосий режаларимиз ҳисобланади. Бу борада тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, жамоамиз билан уларнинг ижросини таъминлаш орқали мамлакатимиз иқтисодиётига ҳисса қўшамиз.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди