Ўзбекистонда саноат тармоқларини экологик талаблар асосида модернизация қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда нафақат ишлаб чиқариш жараёнларини барқарорлаштириш, балки чиқиндиларни камайтириш ва ҳавони ифлосланишдан асрашни мақсад қилган лойиҳалар ҳам жорий этиляпти.
Шу маънода, нефтни сақлаш объектларида нафас олиш газларини утилизация қилиш тизимини жорий этиш мамлакатда амалга оширилаётган “яшил” иқтисодиёт сари муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Бу орада эришилган натижалар ҳақида Саноат энергетика гуруҳи бош директори ўринбосари Азизбек Назаров қуйидагиларни маълум қилди:
– Яқинда биз "Қарши" ва "Муборак" нефтни сақлаш объектларида нафас олиш газларини утилизация қилишнинг замонавий тизимини жорий этишни якунладик.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида учувчан органик бирикмалар чиқиндиларини сезиларли даражада камайтириш, нефть маҳсулотлари йўқотишларини минималлаштириш ҳамда сақлаш объектларининг саноат хавфсизлигини оширишга эришилди. Янги ёндашув атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича халқаро стандартларга жавоб беради ва компаниянинг углерод изини йилига 160 минг тоннадан ортиқ СО₂ гача камайтиришга ёрдам беради.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, нафас олиш газлари углеводородларнинг буғлари бўлиб, резервуарларда ҳароратнинг ўзгариши натижасида ("кичик нафас олиш") ва нефтини қуйиш ёки тўкиш жараёнларида ("катта нафас олиш") ҳосил бўлади. Агар бу жараёнларда ихтисослаштирилган ечимлар қўлланилмаса, йилига 8 миллион метр кубдан ортиқ буғ йўқолишига сабаб бўлади. Бу эса атмосферага чиқариладиган 160 минг тоннадан ортиқ СО₂ эквивалентига тенг. Бундай миқдорни нейтраллаш учун камида 7 миллиондан ортиқ дарахт экиш талаб этилади.
Айнан шу йўқотишларни бартараф этиш мақсадида нафас олиш газларини йиғиш ва утилизация қилишнинг автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилди. Ушбу технологик ечим резервуарлардан буғларни герметик равишда чиқариш, уларни ташиш учун ер ости қувурлари ҳамда йиғилган газларнинг 99 фоизгача утилизациясини таъминлайдиган замонавий машъала қурилмасини ўз ичига олади. Буғлар энди тутиб қолиниб, назоратли ва экологик хавфсиз усулда ёқилади.
Лойиҳани ишлаб чиқиш ва техник жиҳатдан лойиҳалаш ишлари GRDC (Geo Research & Development Company) томонидан амалга оширилди. Молиялаштириш ва инвестициявий қўллаб-қувватлаш эса иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган глобал дастур доирасида Швейцариянинг "VEMA Carbon" компанияси томонидан таъминланди.
Мазкур ташаббус ишлаб чиқариш активларини декарбонизация ва модернизация қилишга қаратилган узоқ муддатли дастурнинг бир қисми ҳисобланади. ESG тамойиллари асосида барқарор ечимларни жорий этиш орқали энергетика соҳасида халқаро талаб ва трендларга мос ҳаракат қилинмоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.