Не қилай, кўнглим ушмундоқ...
Тан олайлик, бошқа ҳеч ким бундай ёзолмайди. Зеро, Абдувалининг дунёни кўрадиган ўз дунёси, ўхшаши йўқ ташбеҳлар дунёси бор эди.

Йил айрилиғи
Шеърият уммонига моҳир ғаввосдек шўнғиб, дуру жавоҳирлар термоқ, яъниким дилларга илиқлик бағишлайдиган, одамларни ҳайратга ғарқ этадиган маржондек тиниқ ва бебаҳо мисраларни ижод қилмоқ ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Абдували Қутбиддин ана шундай бетакрор ижодкор эди. Гарчи ҳеч қачон оғзини тўлдириб “мен шоирман” деб мақтанмаган бўлса-да, унинг ажиб жўшқинлик ва теран фалсафий руҳ устувор бўлган асарлари билан танишганингизда, айниқса, унинг ўзи шеърларини ҳеч кимникига ўхшамайдиган жунунвор оҳангда ўқиганида, шак-шубҳасиз, унинг бетакрор истеъдод соҳиби бўлган улкан шоир эканига амин бўлардингиз.
...Ана, Шоир берилиб шеър ўқияпти. Мисралар қатига сингдирилган теран маъно-мазмун залворидан вужуди тебраниб, овози титрайди. Шу ҳолатида у Ҳақ дея зикр тушаётган дарвешни эслатиб юборади, гўё.Шоирни жунбушга келтирган титроқ, мана шу мажнуний кайфият сизга-да юқади. Сиз ҳам шоирга қўшилиб, унинг руҳий дунёсига сингиб кетиб, ўзингизни камида Мажнун чоғлайсиз. Шоирга қўшилиб завқланасиз, изтироб чекасиз, маҳзун ўй-хаёлларга ғарқ бўласиз, хуллас, у яратган назмий оламнинг бир бўлагига айланиб қоласиз.
Бу фақат ҳақиқий ижодкорларгагина насиб этадиган илоҳий бир неъмат. Шундай улуғ неъматки, Яратганнинг ўзи уни суйган бандаларига инъом этади.
Абдувалининг “Осима” номли машҳур шеърини унинг ўзидан эшитганимда туйган ҳолатни, ўша дамда кўнглимдан кечган ҳиссиётларни сўз билан ифодалай олмайман. Унинг дардли овози ҳалигача қулоқларим остида садо бериб тургандек...
Осима,
Не қилай, кўнглим ушмундоқ,
Бир чети осмону бир чети тупроқ.
Бир тунда подшоман икки кишварга,
Бир кунда зордирман бир қур назарга.
Липиллаб, липиллаб бўзарди руҳим,
Хоҳла, порлатиб қўй, хоҳла, парчала,
Эсиз, ҳар томонга урди шукуҳим,
Эсиз, ўтолмадим шум даричадан.
Осима...
Шеърни тинглаш асносида ҳар ким, айниқса, ижодга алоқаси бор кишининг қалбидан залворли ўй-хаёллар кечади. Шоирнинг фавқулодда топилмаларига маҳлиё бўлиб қоласиз. Зотан, “Мендек хушхабар йўқ, мендек хатар йўқ”, деб фақатгина Абдували айта олади.
Бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Шу йил ёзда Зоминда бўлиб ўтган ёш ижодкорлар анжуманида Абдували Қутбиддин шеър ўқишга тушди. Шоирнинг шеърларидаги катта юк, керак бўлса, мумтоз адабиётимизга менгзаб кетадиган фикр ва тасвирлар, айниқса, ижодкорнинг ўзига хос ўқиш услуби бир зумда ҳаммани ўзига ром этди-қўйди. Бир пайт бундоқ қарасам, ёш ижодкорлар унинг атрофини қуршаб олиб, ҳайрат ва ҳаяжон билан шеър тинглашарди.
Ҳа, Абдували ана шундай оҳанрабоси кучли шоир эди. У биргина ўзининг шеър ўқиш санъати билан ҳам ёш қаламкашларга ижод нима экани, асл шеър ва асл шоир қандай бўлиши ҳақида сабоқ бергандек эди, назаримда...
Абдували Қутбиддиннинг далли жунун, ғаройиб афсун булоқларидан сув ичган шеърлари жамланган “Бор” китоби ҳам мухлислари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олиниб, юксак баҳога муносиб кўрилган эди. Ана шу китобдан ўрин олган қуйидаги мисраларга эътибор беринг:
Нафасинг юзимда ухласин энди,
Қайноқ сўзларинг ҳам тинсин шу муддат.
Қўлларинг қўлимни тингласин энди,
Шошилма, муваққат, бари муваққат.
Тан олайлик, бошқа ҳеч ким бундай ёзолмайди. Зеро, Абдувалининг дунёни кўрадиган ўз дунёси, ўхшаши йўқ ташбеҳлар дунёси бор эди. Шоир дунёни унинг мутлақ бошқа томонидан туриб кузатарди. Муҳими, у сўзга жунунвор жон кирита оларди. Шунинг учун ҳам унинг шеърларида ўзгачалик яққол кўзга ташланиб туради.
Шу сабабли ҳам Абдували Қутбиддиннинг мухлислари бисёр. Улар учун Абдувалидан баланд шоир йўқ. Биз учун ҳам шундай! Дарҳақиқат, у ҳеч кимникига ўхшамайдиган ўз йўлига эга ижодкор эди. Ана шу ўзига хослик, гарчи, у бугун орамизда йўқ бўлса-да, ижодининг умрбоқийлигини таъминлаб беришига ишонаман.
Тўғриси, мана шу нарса кўнглимизга таскин беради...
Кўп йиллар ҳамнафас, ҳамқадам бўлган самимий дўстинг ва жондай жигарингдан, ўзбек элининг бетакрор ижодкоридан айрилиш оғир экан, жудаям оғир экан.
Ҳали Абдувалининг ўрни билинади. Дўст-яқинлари, мухлислари, шогирдлари уни кўп соғинади. Чунки у шеъриятимизда ўз ўрнига эга улкан ижодкор эди.
Биздан рози бўл, Абдували– жигарим!
Ўткир РАҲМАТ