Назоратдан кўмаккача: сифатли маҳсулот ва хавфсиз бозор сари
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва улар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга ички бозорда сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар муомаласини таъминлаш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Бу жараёнда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат назорати муҳим ўрин тутади. Бироқ назоратни фақат қоидабузарликларни аниқлаш ва тегишли чоралар кўриш билан чеклаб бўлмайди. Унинг энг муҳим вазифаларидан бири — тадбиркорларга қонунчилик талабларини тушунтириш, мавжуд муаммоларнинг олдини олиш ва уларнинг фаолиятини белгиланган талаблар асосида ташкил этишига кўмаклашишдир. Шу нуқтаи назардан, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан 2026 йилнинг январь–октябрь ойларида давлат назорати, профилактика ва назорат хариди йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунийлик ва сифат устувор
Ҳисобот даврида республика бўйлаб 359 та корхонада давлат назорати тадбирлари ўтказилди. Ўрганишлар давомида маҳсулотларнинг техник регламент ва стандартлар талабларига мувофиқлиги, ўлчаш воситаларининг белгиланган тартибда қиёсланганлиги ҳамда маҳсулотларни реализация қилишда мувофиқликни баҳолаш талабларига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилди. Натижалар айрим корхоналарда маҳсулот сифати, ўлчаш воситаларидан фойдаланиш ва мувофиқликни баҳолаш билан боғлиқ камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилди. Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш ва савдо жараёнларини амалдаги талабларга мувофиқ ташкил этиш юзасидан зарур тушунтиришлар берилди. Бизнинг ёндашувимизда тадбиркорнинг қонунчилик талабларидан хабардор бўлиши ва уларга амал қилиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки ўз вақтида бартараф этилган ҳар бир камчилик келгусида ортиқча харажатлар, молиявий йўқотишлар ва ҳуқуқий муаммоларнинг олдини олади.
Профилактика — тадбиркорга амалий кўмак
Инспекция фаолиятида профилактика тадбирларига алоҳида устуворлик берилмоқда. Зеро, қоидабузарлик содир этилганидан кейин чора кўришдан кўра, унинг олдини олиш самаралироқдир. Шу мақсадда жорий йил бошидан буён республика бўйлаб 17 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектига қонунчилик талабларини тушунтиришга қаратилган огоҳлантириш хатлари ва тарқатма материаллар юборилди. Ушбу тадбирлар барча ҳудудларда амалга оширилиб, тадбиркорларга маҳсулотларни мувофиқликни баҳолашдан ўтказиш, ўлчаш воситаларини ўз вақтида қиёслаш, техник регламент ва стандартлар талабларига риоя этиш, маҳсулотларни тегишли ҳужжатлар асосида реализация қилиш масалалари бўйича тушунтиришлар берилди. Энг муҳими, бундай ишлар тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, мавжуд камчиликларни олдиндан аниқлаш ва уларни мустақил равишда бартараф этиш имконини беради. Келгусида ҳам тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни кучайтириш, уларнинг мурожаат ва таклифларини ўрганиш, қонунчилик талабларини амалиётда қўллаш бўйича услубий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилади.
Назорат хариди — истеъмолчи ишончи ва ҳалол рақобат кафолати
Ички бозорда реализация қилинаётган маҳаллий ва импорт маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чакана савдо объектларида назорат хариди тадбирлари ўтказилмоқда. Жорий йилнинг ўтган ўн ойида 146 та назорат хариди тадбири доирасида 244 та маҳсулот намунаси харид қилиниб, аккредитациядан ўтган синов лабораторияларига тақдим этилди.
Синов натижаларига кўра, айрим маҳсулотларда сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича номувофиқликлар аниқланди. Бир қатор маҳсулотлар эса белгиланган талабларга мувофиқ деб топилди. Айрим намуналар бўйича синов жараёнлари давом этмоқда. Номувофиқ деб топилган маҳсулотларни савдодан қайтариб олиш ва белгиланган тартибда утилизация қилиш юзасидан маҳсулот эгаларига тегишли тақдимномалар киритилди.
Аниқланган номувофиқ маҳсулотлар ҳақидаги маълумотлар «Техник тартибга солиш» миллий ахборот тизими негизидаги хавфли маҳсулотлар ҳақида тезкор хабар бериш ахборот тизими — blacklist.tris.uz платформасига киритилмоқда. Бу тизимнинг аҳамияти шундаки, у хавфли маҳсулотлар ҳақида тезкор ахборот алмашиш, уларнинг бозорда тарқалишининг олдини олиш ва истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Сифат — тадбиркорнинг обрўси ва рақобатбардошлиги
Бугунги бозор шароитида маҳсулот сифати ва хавфсизлиги ҳар қандай ишлаб чиқарувчи ва тадбиркор учун муҳим рақобат устунлигидир. Техник регламент ва стандартлар талабларига амал қилиш нафақат қонунчиликда белгиланган мажбурият, балки истеъмолчилар ишончини қозониш, маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш ва янги бозорларга чиқишнинг муҳим шарти ҳамдир.
Шу боис Инспекция ўз фаолиятида тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва қонуний ечимларини топиш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий кўмак беришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Биз назорат ва профилактика тадбирларини ўзаро уйғунликда олиб бориш орқали тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг барқарор фаолият юритишига шароит яратиш ҳамда ички бозорда ҳалол рақобат муҳитини мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз.
Зеро, самарали назорат — бу фақат талаб қўйиш эмас, балки тушунтириш, огоҳлантириш ва кўмаклашиш ҳамдир. Сифатли маҳсулот ишлаб чиқараётган, қонунчилик талабларига амал қилаётган ҳар бир тадбиркорни қўллаб-қувватлаш эса соҳа олдидаги муҳим вазифаларимиздан биридир.
Азамат Абдураҳмонов,
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида
назорат инспекцияси бошлиғи