Назорат хариди давомида сифатсиз кондиционерлар аниқланди
Тошкент шаҳридаги савдо нуқталарида сотилаётган маиший техника воситаларининг сифати ва хавфсизлигини ўрганиш мақсадида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан махсус рейд тадбирлари ўтказилди.
Назорат хариди давомида пойтахт бозорларидаги Хитойда ишлаб чиқарилган оммабоп брендлар — “Aux” ҳамда “Hisense” кондиционерлари экспертиза назоратидан ўтказилди.
Лаборатория текширувлари натижасига кўра, мазкур қурилмаларнинг амалдаги давлат стандартлари ва техник регламентларга мувофиқ эмаслиги маълум бўлди. Хусусан, “Aux” русумли кондиционерлар “Техник воситаларнинг электромагнит мослиги тўғрисида”ги регламент талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Бу эса қурилманинг ишлаш жараёнида бошқа электрон техникаларга салбий таъсир кўрсатиши ёки тармоқда носозликлар келтириб чиқариши мумкинлигидан далолат беради.
Шунингдек, “Hisense” бренди остидаги кондиционерларда ҳам жиддий техник камчиликлар қайд этилди.
Экспертларнинг хулосасига кўра, ушбу қурилмаларнинг истеъмол қиладиган номинал қуввати ҳужжатларда белгиланган меъёрдан юқори экани аниқланган.
Бундай ҳолат нафақат ортиқча энергия сарфига, балки электр тармоқларига кучли босим тушиши натижасида ёнғин хавфи юзага келишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА