“Садо Ал-Балад” нашри Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Миср Араб Республикаси муфтийси, доктор Шайх Назир Муҳаммад Айёд учрашувини батафсил ёритди. Ушбу мулоқот Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция доирасида ўтказилди.
Профессор Назир Айёд давлатларимиз ўртасидаги муносабат кўп асрлик илмий ва маданий ҳамкорлик риштаси билан боғланганини таъкидларкан, ўзбек замини ҳам, Миср диёри ҳам шариат илмини мустаҳкамлаш, оқилона ва мўътадил ёндашувни қарор топтиришга ҳисса қўшган етакчи арбоблар, ислом цивилизацияси бой маданий меросини яратган кашшофлар тарбияланган йирик диний марказлар эканини эслатди.
Шунингдек, IX-X асрларда мусулмон олами, хусусан Мовароуннаҳрдаги ижтимоий-диний муҳит, эътиқод мусаффолигини сақлашда ҳадислар ўта муҳим ўрин эгаллаганига тўхталиб, алломаларимизнинг ўзликни, эътиқодни асраб-авайлаш, энг оғир шароит, қийин синов даврларида ҳам огоҳ бўлишга чақирган маърифатпарвар куч сифатида майдонга чиққанига урғу берди.
Миср бош муфтийси Дар-Ал-Ифта (Фатво уйи) ислом оламидаги диний муассасалар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётгани, бой тарих ва цивилизация макони бўлмиш Ўзбекистон бу борада асосий ҳамкорлигига эътибор қаратди.
Ўзаро бағрикенглик ва мўътадиллик қадриятини ёйишга ҳисса қўшадиган бундай халқаро анжуманлар динлараро мулоқотни ривожлантириш, замонавий муаммоларга биргаликда қарши туриш орқали мамлакатлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кўмаклашиши қайд этилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА