Яшариш ва янгиланиш айёми – Наврўз байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида қатор ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида навқирон авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда ўсиб-улғайиши учун замонавий таълим муассасаларини барпо этиш, қайта таъмирлаш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тумандаги “Гулистон” овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 37-сонли умумий ўрта таълим мактаби капитал реконструкция қилиниб, байрам арафасида фойдаланишга топширилди. Мазкур умумтаълим мактаби учун 4 миллиард 258,5 миллион сўм маблағ сарфланди. Мактабда ўқувчиларнинг замонавий таълим олиши учун барча шароит яратилган.
Очилиш маросимида соҳа вакиллари, фахрий устозлар ва маҳалла фаоллари иштирок этди. Туман ҳокими В.Ниязимбетов барчани Наврўз байрами ҳамда умумтаълим мактаби биносининг фойдаланишга топширилиши билан муборакбод этди.
Президентимиз томонидан аҳоли, айниқса, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тумандаги “Иқбол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “ATX GROUP-DEVOLOPMENT” масъулияти чекланган жамият томонидан лойиҳа қиймати 49,5 миллиард сўм бўлган 132 та турар жойга мўлжалланган мажмуанинг бир қисми фойдаланишга топширилди. Байрам муносабати билан 11 та хонадон эгаларига янги турар жойнинг калитлари топширилди.
Байрам арафасида, шунингдек, тумандаги “Думан қалъа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Gold Water” масъулияти чекланган жамият томонидан лойиҳа қиймати 4 миллиард сўм бўлган ичимлик сувини қадоқлаш янги лойиҳаси амалга оширилди. Ушбу қадоқлаш линияси фойдаланишга топширилиши билан саккиз нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Тадбир иштирокчилари янги цех фаолияти билан танишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири