Наврўз шукуҳи давом этмоқда
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида жойлашган водийдаги йирик саноат ишлаб чиқариш объекти – “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” корхонасида янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам муносабати байрам тадбирлари бўлиб ўтди.
Станция касаба уюшмаси қўмитаси, хотин-қизлар кенгаши, ёшлар ташкилоти етакчиси, фахрийлар кенгаши аъзоси ва маънавият-маърифат тарғиботчиси ҳамкорлигида ташкилланган байрамда, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга меҳр-мурувват ва саховат кўрсатилди. Баҳор таоми – сумалак пиширилиб, барча ходимларга тарқатилди.

Корхона раҳбарияти табригида барча ишчи-ходимлар муқаддас қўшалоқ байрамлар билан қизғин қутланиб, уларга соғлик-саломатлик ва меҳр-оқибат, тинчлик-хотиржамлик, оилаларига файз, барака тиланди.
Станция ходимлари турар-жой мажмуаси ҳовлисида Рамазони шариф ойида уюштирилган ифторлик дастурхонига баҳорий ноз-неъматлар тортилди. Миллий либослар фестивали, таркибий бўлинмалар жамоалари орасида ош чемпионати ўтказилди. Станция ишчилари томонидан бир вақтда ўн икки қозонда турли усулда тайёрланган паловхонтўра тадбирга йиғилган барчага хуш кайфият, завқ бағишлади. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир жамоанинг байрам дастурхони ва тайёрланган паловга муносиб баҳо берди.

– Серқуёш юртимизга баҳор фасли кириб келиши билан байрам устига байрамлар уланиб кетади. Рамазон юртимизга олиб кирган баҳор фасли дебочасида Халқаро хотин-қизлар куни нишонланган бўлса, Наврўзи олам арафасида халқимизнинг миллий қадриятларидан бири бўлган ҳашар станциямизда фаоллик билан ташкилланди. Мана энди Наврўзи оламни кўтаринки ютуқлари билан нишонлаяпмиз, – дейди “Тўрақўрғон ИЭС” корхонаси хотин-қизлари кенгаши раиси Ҳулкар Исмонова.
Тадбирлар якунида, ғолиб ва совриндор жамоалар, фаол иштирокчилар касаба уюшмаси қўмитасининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА