Наврўз шукуҳи давом этмоқда
Наврўз шукуҳи нафақат юртимизда, балки хориж давлатларида ҳам ҳамон давом этмоқда. Ленинград вилоятининг Дўстлик уйи биносида Наврўзи оламга бағишланган байрам кечасида бу яна бир бор намоён бўлди.
Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси томонидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва «Uzbekistan Airways» АЖ ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Санкт-Петербург маъмурияти вакиллари, ушбу шаҳарда истиқомат қилаётган ҳамда таҳсил олаётган ватандош ва талабалар ҳамда ҳарбий таълим муассасаларининг тингловчилари иштирок этди.

Тадбирда Ленинград вилояти раҳбари томонидан Ўзбекистонда давлатчиликни мустаҳкамлаш ва фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган самарали ўзгаришлар рўй бераётгани алоҳида қайд этилди. Унда, жумладан, Ленинград вилояти Россиянинг ишончли стратегик ҳамкори бўлган Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият бериши ҳамда ўзаро дўстона алоқаларни, шу жумладан, минтақавий даражадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратилишидан манфаатдор эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз байрами муносабати билан сўзлаган нутқи тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Наврўз байрамига бағишланган яна бир тантанали маросим мамлакатимизнинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси томонидан Нидерландиянинг Гаага шаҳрида ташкил этилди.
Унда Нидерландиянинг расмий, ижтимоий-сиёсий, маданий, ишбилармон доиралари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ҳамда ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик ватандошлар
иштирок этди. Байрам тадбирида, шунингдек, Қозоғистон, Озарбайжон ҳамда Туркия элчихоналари ҳам ўз стендлари билан иштирок этди.
Маросимда Ўзбекистон дипломатия ваколатхонаси вакили тадбир иштирокчиларини баҳор, яшариш ва янгиланиш рамзи – Наврўзи олам байрами билан қутлар экан, мамлакатимиз айни кунларда ўз миллий тараққиётининг янги даврига улуғвор мақсад ва амалий ишлар билан кириб бораётгани ҳамда ислоҳотларни изчил давом эттириш асносида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дастури қабул қилингани хусусида тўхталди.
Шу билан бирга, тадбир доирасида ўзбек халқ миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Маросимнинг бадиий қисмида халқимиз куй ва қўшиқларидан иборат бўлган концерт дастури намойиш этилди.
Тадбир меҳмонлари байрам дастурхонига тортилган палов, сомса ва халқимизнинг бошқа миллий таомлардан татиш имкониятига ҳам эга бўлди.
ЎзА