Наврўз билан олам нурга тўлар
Юртимизда байрамлар, муҳим саналар жуда кўп ва улар ҳар бирининг ўз мазмун-моҳияти, ғояси, таъбир жоиз бўлса, мафкураси бор. Бу байрамлар орасида, шубҳасиз, Наврўз ўзининг бир неча минг йиллик тарихи, ўзида халқимизнинг қадимий анъана ва қадриятларини мужассам этгани ва турмуш тарзимизнинг ажралмас бир бўлагига айланиб кетгани билан ажралиб туради.
Бу кўпроқ байрамнинг рутубатли қиш синовларидан кейин табиат, борлиқ уйғонаётган, янгиланаётган пайтда – баҳорда нишонланиши билан боғлиқ бўлса, не ажаб. Шунинг учун баҳор ва Наврўз тушунчаларини бир-биридан айри тасаввур қилиб бўлмайди.
– Наврўзнинг пайдо бўлиши чуқур илмий асосланган коинот ва табиат қонуниятлари, яъни Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, тун ва куннинг тенглашуви, кундузнинг узая бошлаши, табиатнинг уйғониши билан боғлиқ бўлган, – дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Маҳмудхон Юнусов. – Бу эса ҳар қандай жамиятда йил боши қачон келишидан қатъий назар, Наврўзни уйғониш байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган. Бундан ташқари, Наврўзнинг чуқур илдизларига қарасак, у энг қадимий даврларда ибтидоий одамларнинг деҳқончиликка ўтганидан сўнг далаларда янги иш мавсуми бошланишидан олдин ўтказилган баҳор байрамларига бориб тақалади.
Олимларнинг фикрига кўра, Наврўзнинг шаклланиши энг қадимги замонлардан зардуштийлик динининг пайдо бўлишигача давом этган даврни ўз ичига олади. Қадим-қадимдан Наврўз Хитойдан Ўрта денгизгача бўлган ҳудудларда яшовчи халқларнинг севимли айёми бўлиб келган. Энг қадимги ёзма манбалардан бири – зардўштийликнинг муқаддас китоби “Авесто”га кўра, баҳор қайтиши яхшиликнинг ёвузлик устидан ғалабасини англатган.
Кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотлар зардўштийларнинг эътиқодида Наврўз байрами муҳим ўрин тутганлигини кўрсатди. Хусусан, Самарқанддаги Кофирқаъла ёдгорлигидан зардўштийларнинг ҳосилдорлик ва сув илоҳи Нана акс этган ёғоч паннонинг топилиши фикримиз далилидир. Археолог олим Амриддин Бердимуродовнинг таъкидлашича, ёғоч панно Сўгд ҳукдорларининг шаҳар ташқарисидаги саройида жойлашган бўлиб, у жойлашган хона диний ва дунёвий маросимларни, жумладан, Наврўз ва Меҳржон байрамларини нишонлаш учун хизмат қилган.

Наврўз байрами ҳақидаги маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сида, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома” асарида учрайди. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида Наврўзга оид маълумотлар келтирилган. Тарихчи олим Абу Бакр Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” асарида Наврўз куни Сиёвуш қабри бошида одамлар жонлиқ сўйишларини ва бунга уч минг йилдан ортиқроқ вақт ўтганини ёзган.
Темурийлар даврида Наврўз байрами энг улуғ ва энг азиз, инсонларга чексиз қувонч улашувчи байрам сифатида ношонланган.
Ҳар бир байрам халқимиз томонидан кенг нишонланса-да, фақатгина Наврўзга хос бўлган қадриятлар мавжуд. Айниқса, халқ биргаликда, ҳамжиҳат бўлиб бу айёмни тантана қилиши, сумалак, ҳалим сингари узоқ вақт давомида кўпчилик меҳнати билан тайёрланадиган таомлар пишириши, одамларнинг бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиши Наврўзнинг қадри ва аҳамиятини янада оширади. Шу боис Наврўз ҳар бир маҳаллада, жамоада, шаҳар ва қишлоқда оммавий сайил сифатида нишонланади.
– Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқлар бу кунни янги йилнинг бошланиши сифатида қувонч билан кутиб олганлар – дейди М.Юнусов. – Бир неча кун илгари тайёргарлик ишлари бошланган. Буғдой ундиришга қўйилган ва унинг майсасидан сумалак тайёрланган, ўтдан чучвара, ялпиз сомса каби таомлар пиширилган, отчопар, улоқ, кураш сингари халқ ўйинлари, сайиллар ўтказилган, баҳор ҳақида қўшиқлар куйланган. Наврўзнинг биринчи куни қишлоқ жойларида болалар тўп-тўп бўлиб хонадонлар эшиги олдида Наврўзга бағишланган қўшиқ айтишган. Хонадон эгаси уларни совға-салом ва егуликлар билан сийлаган. Бу удум ҳозир ҳам Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг айрим қишлоқларида сақланган.
ХХ асрнинг 80-йилларида, совет тузумининг сўнгги йилларида мазкур байрам асоссиз равишда диний байрам ва маросимлар қаторида ман қилинди. Ўрта Осиё Республикалари мустақилликка эришгач, бошқа қадриятлар қаторида Наврўз байрами ҳам тикланди ва кенг нишонланмоқда. Ватанимиз ҳудудида ҳам турли даврларда, сулолалар, динлар, мафкуралар ўзгариб турди, алмашди, аммо Наврўзнинг асл мазмун-моҳияти ўзгармай, кенг нишонланиб келмоқда.
Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Наврўз халқаро байрам сифатида эътироф этилган. Бу айёмда тайёрланадиган таомлар, миллий халқ ўйинлари, турли анъана ва қадриятлар жаҳон номоддий мероси рўйхатига киритилган.
Шу кунларда шаҳар ва қишлоқларимизда Наврўз шодиёналари бошланди. Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, бу йил мамлакатимизда мазкур байрам “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида ўтказилмоқда. Эътиборлиси, байрамга хос бўлган меҳр-мурувват, саховат тадбирлари Рамазон ойи муносабати билан янада кенг кўламда ўтказилмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири