Италиянинг Агриженто шаҳрида ўтказилган «75-Mandorlo in fiore" («Бодом гуллаганида») жаҳон халқлари маданияти ва фольклор фестивали якунига етди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги хабарига кўра, фестиваль иштирокчиларининг мусиқий чиқишлари «Энг яхши мусиқий кўриниш», «Энг яхши миллий либослар», «Энг яхши рақс намойиши» йўналишлари бўйича баҳоланди.
Мазкур фестивалда мамлакатимиз номидан иштирок этган Ўзбекистон давлат филармониясининг «Наврўз» ашула ва рақс ансамбли жамоаси ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитовадан иборат Маданият ва туризм вазирлиги ижодий гуруҳи фестивалда иштирок этган Қирғизистон, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония, Грузия, Болгария, Испания, Франция, Панама, Мексика каби 40 га яқин давлатлар ҳамда мингга яқин иштирокчи вакиллар орасида ўз чиқишлари, ижро этилган рақслари ҳамда миллий либослари билан энг яхши гуруҳ сифатида эътироф этилиб, Гран-при соҳибига айланди. Ҳамда махсус «Олтин ибодатхона» совринига сазовор бўлди.
Шунингдек, ўзбекистонлик санъаткорлар «Журналистлар эътирофи» номинациясида ҳам ғолибликни қўлга киритди.
Фестиваль доирасида ижодий гуруҳнинг Агриженто шаҳар мери билан учрашуви бўлиб ўтди.
"75-Mandorlo in fiore" жаҳон халқлари маданияти ва фольклор фестивали Италиянинг Сицилия вилояти Агриженто шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган фестиваль бўлиб, бир неча йиллик карантин чекловлардан сўнг яна қайта ўтказилмоқда.
Мазкур санъат байрамида мамлакатимиз вакиллари илк бора иштирок этиб, ҳакамлар ва 50 га яқин давлатдан ташриф буюрган томошабин, журналист ва санъатшуносларнинг эътирофига сазовор бўлди.
Айтиш жоизки, фестиваль ўзига хос гўзаллик, санъат, борлиқ уйғонишига бағишланган йирик маданий тадбир саналади. Дастлаб у маҳсулотлар ярмаркаси сифатида ўтказилган бўлса, 1937 йилдан буён Агриженто шаҳрида доимий тарзда дунё халқларининг санъатини намойиш этувчи, тинчлик, биродарлик ва дўстликка чорловчи байрам сифатида ўтказилиб келинмоқда. Мана саксон йилдан ортиқ вақтки, баҳорда бодомлар чаппар гуллаганида дунёнинг турли давлатларидан бу ерга бадиий жамоалар ўз санъати ва маданиятини намойиш этиш учун келмоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА