“Навоийуран” давлат корхонасида Навоий кон-металлургия комбинати ва “Навоийуран” давлат корхонасининг 65 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
1958 йилда Учқудуқ тумани ҳудудида уран рудасини қазиб олиш ва қайта ишлашга ихтисослашган Навоий кон-металлургия комбинатига асос солинди ҳамда ўша йилдан Учқудуқ уран конларининг бир қисмини саноат усулида ўзлаштириш бошланди.

2022 йилнинг 1 январидан республикамизда уранни қазиб олиш янги ташкил этилган “Навоийуран” давлат корхонаси зиммасига юклатилди. Ҳозирги кунда корхона барқарор ва жадал ривожланиб, ўз маҳсулотини Япония, Франция, Канада, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби давлатларга 100 фоиз экспортга йўналтираётган мамлакатимиздаги йирик саноат корхоналаридан бирига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ва “Навоийуран” давлат корхонаси жамоаларига байрам табригида “Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан бепоён Қизилқум бағридан қазиб олинаётган, дунё миқёсида юксак эътироф этилаётган олтин, табиий уран ва бошқа нодир қазилма бойликлар мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини таъминлашда беқиёс стратегик аҳамиятга эга экани барчамизга яхши маълум. Шу маънода, 40 дан ортиқ миллатга мансуб қарийб 50 минг нафар юқори малакали ишчи, муҳандис ва мутахассислар меҳнат қилаётган мазкур комбинат ва 3 йил олдин унинг таркибидан ажралиб чиққан “Навоийуран” корхонаси миллий саноатимиз фахри, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз” дея алоҳида таъкидланган.

“Навоийуран” давлат корхонасининг асосий ишлаб чиқариш маҳсулоти табиий уран бўлиб, “Зафаробод” кон бошқармаси, “Учқудуқ” ва “Нуробод” ишлаб чиқариш майдонларида жойлашган 6 та геотехнологик конда қазиб олинади ва Навоий шаҳридаги уран ишлаб чиқариш заводида чала оксиди кўринишига келтирилади.
Уран ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 20 фоизга ошиб, экспорт географияси кенгаймоқда. Кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Хорижий давлатлар билан янги ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилиб, инвестицион лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

– Мен кончилик соҳасида 20 йилдан буён ишлаб келмоқдаман ва бундан жуда фахрланаман, – дейди “Учқудуқ” ишлаб чиқариш майдони Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи бошлиғи Эрали Васиев. – Сўнгги йилларда уран саноати жадаллик билан ривожланиб, бу борада бир қатор қарорлар қабул қилинди. Табиий уран ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилгача мос равишда уч бараварга ошириш бўйича стратегик вазифалар қўйилган. Мен раҳбар сифатида фаолият юритаётган Сульфат кислота ишлаб чиқариш цехи ҳам шунга монанд равишда қувватларини ошириб бориши белгиланган. Хусусан, 2024-2025 йилларда қўшимча қувватлар қурилиб, ишлаб чиқариш ҳажми йилига 400 минг тоннага оширилади. Муҳими, кўплаб янги иш ўринлари яратилади.

“Навоийуран” давлат корхонасининг фаоллар залида бўлиб ўтган тантанада корхона муҳандис-техник ходимлари, меҳнат фахрийлари билан биргаликда корхона ҳамкорлари бўлган Хитой миллий ядро корпорaцияси ҳамда Франциянинг “Orano mining” компанияси каби нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
– Корхонанинг 65 йиллиги арафасида ташкил этилган тадбирда иштирок этаётганимдан мамнунман, – дейди Хитой миллий ядро корпорaцияси бош менежери Луи Суин Фан. – Жорий йилнинг октябрь ойида корпорациямиз таклифига биноан, тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари – “Навоийуран” давлат корхонаси бош директори бошчилигидаги вазирлик ва корхона мутахассисларидан иборат делегaция Пекин шаҳрида бўлиб ўтган “Табиий уран саноатини ривожлантириш бўйича биринчи халқаро форум”да иштирок этган эди. Ташриф доирасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Бугун эса биз корхонанинг фаолияти билан танишмоқдамиз. Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимиз узоқ йиллар самарали давом этади ҳамда ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлади.
Тантанали тадбирда корхонадаги кўп йиллик фидокорона меҳнати ҳамда 65 йиллик юбилей муносабати билан бир гуруҳ ишчи-ходимлар “Навоийуран фахрийси” унвони, “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири