Жорий йил 26 июнь куни “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг хорижий валютадаги узоқ муддатли суверен кредит рейтинги “BB-” даражасидан “BB” даражасига кўтарилди. Рейтинг бўйича прогноз – “Барқарор” дея баҳоланди.
Ушбу навбатдаги ижобий ўсиш давлатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар – макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, давлат корхоналарида бошқарув самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда ижобий баҳоланаётганидан далолат.
Айни иқтисодий ўзгаришлар асносида жорий йил июнь ойи охирида “Навоийуран” ДК халқаро молия бозорида 300 миллион доллар миқдоридаги еврооблигацияларни муваффақиятли жойлаштирди. Корхонанинг глобал капитал бозорига интеграциясида муҳим қадам ҳисобланган мазкур амалиёт халқаро инвесторлар томонидан жиддий қизиқиш билан кутиб олинди.
Жорий йил 10 июль куни “Fitch Ratings” агентлиги томонидан, давлат корхонаси сифатида (GRЕ – GRE – Government-Related Entity), “Навоийуран”нинг рейтинг бўйича қўллаб-қувватлаш кўрсаткичи 20 баллдан 30 баллгача оширилди ва “кучли” (strong) тоифа билан баҳоланди.
Мазкур юқори рейтинглар қўлга киритилиши “Навоийуран” ДКнинг халқаро молия институтлари билан самарали ҳамкорлиги, молиявий интизоми самараси ўлароқ, корхонанинг узоқ муддатли ва барқарор ривожланишга қаратилган стратегик мақсадларига тўлиқ мос келади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА