Навоийнинг Қашқарлик издоши
Шарқ классик адабиётининг бой анъаналарини чуқур ўзлаштириб, уни янги ижодий кашфиётлар билан юқори поғонагa кўтарган буюк шоир ва файласуф Алишер Навоий фақат XV аср адабий муҳити учун эмас, ундан кейин ҳам асрлар давомида адабиёт аҳлининг, қалам соҳибларининг севимли устози бўлиб келди.
Унинг шоҳ асарлари туркигўй шоирлар учун намуна мактаби эди, Озарбайжон (Фузулий, Воқиф), туркман (Махтумқули, Мулланапас), уйғур (Низорий, Зиёий), татар (Абдулла Тўқай), қозоқ (Абай) шоирлари ҳам Навоийни ўзларининг биринчи муаллимлари деб билиб, ундан мадад олганлар, ижод сирларини ўрганганлар. Ўз даврининг эстетик принципларини сақлаган ҳолда, унинг анъаналарини ижодий давом эттирганлар, улуғ шоир асарларини кенг оммалаштириш мақсадида унинг ғазалларига мухаммаслар боғлаганлар, асарларини кўп нусхада кўчириб тарқатганлар, достонларини халқ китоблари руҳида насрлаштириб чоп этганлар, китобларига шарҳ ёзганлар, луғатлар тузганлар.
Навоий меросига чексиз муҳаббат қўйиб, унга эргашган ва унинг асарларини тарғиб қилишга катта ҳисса қўшган адиблардан бири қашқарлик шоир Ғарибийдир. Бу шоирнинг таржимаи ҳоли, адабий мероси ҳақида етарли маълумот йўқ. Ғарибий бизга «Ғариблар китоби» деган достонлар тўпламининг муаллифларидан бири сифатида маълум. Бу китобдан Навоий «Хамса»сидаги тўрт достон – «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёра», «Садди Искандарий»дан ташқари «Вомиқ ва Узро», «Юсуф ва Зулайҳо» каби ишқий қиссалар ҳам жой олган.

Тўпламдаги Ғарибий қаламига мансуб асарлардан бири «Шоҳ Баҳром ва Дилором» достонидир. Бу достон ҳам шаклан, ҳам мазмунан Навоийнинг «Сабъаи сайёра» достонига жуда яқин туради. Ғарибий, асарида ҳам Баҳром овга ўч, ишратпараст, лекин ботир ва адолатли подшоҳ, эҳтиросли ошиқ, даҳшатли, ғазабнок ҳукмдор сифатида тасвирланган. У Монийдан Дилором тақдирини эшитгач, уни саройига олдиради, Овда мерганлигини намойиш этганда эса, Дилоромдан таҳсин ўрнига дашном эшитиб ғазабланади, қизни қолдириб кетади, эртасига ўзига келиб қаттиқ изтироб чекади.
Хуллас, ҳикоятлар тартиби ҳам, номи ҳам, ҳатто достоннинг якунигача худди «Сабъаи сайёра»нинг ўзгинаси.
Хўш, шундай экан, Навоий асаридаги воқеаларни такрорлашдан Ғарибийнинг мақсади нима? Унинг асари Навоий достонидан нимаси билан фарқланади?
Ғарибийнинг мақсади Навоий достонини бошқача тарзда, ихчамроқ қилиб, содда тил билан янгидан куйлаш ва шу орқали уни кенгроқ тарғиб этиш, оммалаштириш, улуғ шоир ғояларини, бадиий меросини халққа чуқурроқ ёйишдан иборат бўлган. Ғарибий «Сабъаи сайёра»нинг бағишлов, дебоча, хотима қисмларини тамоман тушириб қолдирган. Достон воқеаларини ҳам қисқартириб баён этган, ўзича янги байтлар билан тасвирлашга ҳаракат қилган. Шоир воқеаларни ўз сўзлари билан ифодалашга, янгича иборалар қўллашга интилган ва кўп ўринларда бунга муваффақ бўлган. Гоҳо образларни кенгроқ тасвирлаш лозим бўлиб қолганда, шоир китобхонга «Буни Навоийдан ўқи», деб ҳавола қилади. Масалан, Дилоромнинг шакли-шамойили ҳақида гапириб:
Анинг васфини қилмадим ман гадо,
Навоий китобида қилмиш адо.
ёки:
Бу сўзнинг таъвилини қилсанг ҳавас,
Очиб кўр Навоий китобида бас, – дейди. Бу билан шоир Навоийга бўлган эҳтиромини изҳор этиб, назм ижодида ундан ўзолмаслигини эътироф қилади.
Достоннинг ширали тили, равон ва содда услуби қашқарлик шоирнинг катта истеъдодидан дарак беради. Унда сермазмун, бадиий пухта, завқ бағишловчи байтлар анчагина. Чунончи:
Деди: «Моҳи меҳри дурахшонмусан,
Кўнгул авжида моҳи тобонмусан?
Сочинг жон қушиға камандемудур,
Жунун аҳлига пойбандемудур?
Эрур кипригинг ўқ, қошинг ёймидур,
Кўнгул заҳм этарға муҳайёмудур?
Кўзинг ишқ элига балоемудур?
Лабинг жон берурга давоемудур?»
Ғарибий достонда персонажларнинг руҳий ҳолатларини, ташқи кўринишлари, воқеалар тафсилоти тасвирини четлаб ўтгани учун ҳам характерларнинг индивидуал сифатлари, эпизодлар мазмуни Навоий достонидагидек чуқур очилмаган. Айрим ўринларда эса персонажларнинг ҳиссий кечинмалари, уларнинг ўзаро алоқалари, воқеа-ҳодисаларга муносабатлари баёндан иборат бўлиб қолган. Бироқ бундан, Ғарибий «Сабъаи сайёра»ни бир бошдан, жўнгина ҳикоя қилиб берган, деган фикр келиб чиқмайди, албатта. Ғарибий асарида ҳам адолат, мардлик, ҳиммат, ботирлик, ҳушёрлик, биродарлик, дўстлик, соф муҳаббат, садоқат сингари олижаноб, инсоний хислатлар, пурҳикмат панд-ўгитлар ўз ифодасини топган.
Шоир устози улуғ Навоийга жўр бўлиб, ишратпарастлик, ёлғончилик, бахиллик, очкўзлик каби иллатларни қоралайди, зулм ва адоватнинг ёмон оқибатларини очиб ташлайди, мамлакатни идора этиш тўғрисида илғор фикрларни олдинга суради. Бу фикрлар пухта ва равон байтлар, чиройли, таъсирчан иборалар, образлар орқали, шоирона ифода этилгани учун достон воқеалари китобхонга яхши сингади, маънавий-эстетик завқ бағишлайди.
Ғарибий достонининг Навоий асаридан яна бир фарқи шуки, унда боблар ва ҳикоятларнинг охири Навоийга нисбатан бошқача якунланади. Навоий қиссалардан ҳисса чиқаришни китобхоннинг ўзига ҳавола қилса, Ғарибийда қиссадан ҳисса тарзида хулосалар баён этилган, насиҳатлар айтилган ёки тўғридан-тўғри соқийга мурожаат қилиниб, ички ҳиссиётлар ифодаланган. Бундан ташқари, Ғарибий достон охирига «Жаҳоннинг бевафолиқидин муваъза тариқида нуқта сурмак» деган янги боб илова қилиб, унда барча шоҳу гадо бирдай ўлиши ҳақида гапириб, тўғрилик, ростгўйликка даъват этилади, ҳақиқий муҳаббат улуғланади.
Улуғ ўзбек шоирининг истеъдодли ҳалафларидан бири Ғарибий ўз устозининг ажойиб достонини янгича тараннум этиб, унинг ўлмас меросини уйғур халқи орасига тарғиб этишга катта ҳисса қўшган. Бу факт Навоий асарлари таъсирининг беқиёс буюклигидан, ҳаётбахшлигидан яна бир нишонадир.
СамДУ профессори,
Муслиҳиддин Муҳиддинов