Ўзбекистон – Афғонистон алоқалари, борди-келдилар яхшиланмоқда. Бунинг маънавий ва маданий ҳаётдаги исботи сифатида яқинда Афғонистон Ислом Республикасининг Ҳирот шаҳрида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган семинарда иштирок этдик.
Айни йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, профессор Шуҳрат Сирожиддинов, шу университет профессори Нурбой Жабборов, Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажидов, маданият вазирининг маънавий-маърифий ва давлат тилини ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси, филология фанлари доктори Маъруф Йўлдошев ва навоийшунос олим, филология фанлари номзоди Олим Давлатов, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти кафедра мудири Илёс Арабов ва адабиётшунос Гулбаҳор Ашуровалар иштирок этди.
Бизларни Тошкентдан Ҳирот шаҳрига тўппа-тўғри учган самолёт элтди. Гуруҳимиздан ташқари Ҳирот конференциясига ташриф буюрган ўзбекистонлик олимларни ҳам кўрдик. Улар самолётда Тошкентдан Кобулга, ундан Ҳиротга учиб келибдилар. Юртдошларимиз шоир ва журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ўлмас Хўжаев, Навоий ижоди ихлосманди Муқимжон Нурбоевлар узоқ йўл босиб, Ҳиротга келганларидан мамнун эдилар.
Ўша куни конференция ялпи мажлисида Ўзбекистон томонидан Исматулла Иргашев ва Шуҳрат Сирожиддинов, Афғонистон Ислом Республикаси томонидан Афғонистон Президенти Администрацияси мудири Муҳаммад Шокир Коргар ҳамда Ҳирот шаҳар ҳокими иштирок этиб, нутқ сўзладилар.
Яна анжуманнинг ялпи йиғилишида буюк мутафаккир ҳаёти ва ижодини ўрганишга бағишланган тадбир иштирокчиларига Афғонистон раҳбари Ашраф Ғани ҳам видеомурожаат йўллаб, Мир Алишер Навоий нафақат туркий халқлар, балки форс адабиётида ҳам муҳим ўрин тутувчи сиймолардан бири экани, бу улуғ зот Афғонистон заминининг ҳам буюк ифтихори эканини дарий тилида, сўнг ўзбек тилидаги маърузасида қайд этди.
"Азиз ва ҳурматли ватандошлар! Амир Алишер Навоий Афғонистон тарихи, маданияти ва маънавиятида ғурурланишимиз учун асос берувчи шахсдир. Ҳаммамиз унинг фикр ва ғояларидан фойдаланиб келаяпмиз”, деди Афғонистон раҳбари.
Афғонистон Президенти котибияти мудири, Ҳиротдаги Алишер Навоий конференцияси ташкилий қўмитаси раиси Муҳаммад Шокир Коргар ўзбек ҳамда дарий тилларида маъруза қилди. Ҳирот шаҳар ҳокими айни шаҳар тарихи тўғрисида сўзлади.
Дарҳақиқат, Ҳирот ўзига хос шаҳар экан. Жуда ғалати таассурот уйғотади: Ҳиротда юрар эканмиз, ҳар қадам қўйганимизда бу ерда беш аср аввал Алишер Навоий ҳам юрганлигини дилдан ҳис қилдик. Худди шу муҳитдан, ҳаводан Навоий ҳам баҳраманд бўлганлиги кишига завқ ва ғурур бағишлайди.
Яна ялпи йиғилишда Ўзбекистон вакили Исматулла Иргашев ўзбек ва дарий тилларида Навоийнинг ўзбек халқи маданий ҳаётидаги ўрни ҳақида маъруза қилиб, Алишер Навоий ўзбек тилини дунёга олиб чиққан инсон, деб таъкидлаганида залда ўтирганлар қарсаклар билан бу фикрни олқишладилар.
Анжуманда Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон сингари мамлакатлардан ҳам бир қатор адабиётшунос олимлар иштирок этди. Буюк шоир ҳаёти ва фаолияти ҳақида маърузалар, шоир ғазалларидан намуналар ўқилди. Ўзбекистонлик хонанда Илёс Арабов Навоий ғазалига басталанган мақомни ижро этди.
Буюк ўзбек шоири Алишер Навоий Ҳиротда таваллуд топган, шу ерда темурий султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида яшаб ижод этган. Ўз даврида Навоий раҳбарлигида Ҳиротда қатор масжиду мадрасалар, таълим ва шифо масканлари бунёд этилган. Ул зотнинг мақбараси ҳам айни шу шаҳарда. Сўнгги йилларда икки мамлакат ҳукумати ҳамкорлигида Алишер Навоий мақбараси қайта тикланди. Ҳозирда унинг атрофида Навоий боғини ташкил этиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Ҳиротдаги Алишер Навоий конференцияси тадбирлари доирасида Навоий мақбарасини ҳам зиёрат қилдик. Навоий руҳига атаб дуолар қилинди. Шунда Ғафур Ғуломнинг “Навоий қабри устида” (1964 йил) шеъридаги қуйидаги мисралар ёдга келди:
Дилим равшанлигин ҳиссим йўлида офтоб айлаб,
Мазоринг бошида таъзим ила турмакдадурмен сарҳисоб айлаб,
Қулоғинг сўз эшитмас бўлса ҳам қалбдан хитоб айлаб,
Ватандошлар саломин неча жилдли бир китоб айлаб,
Навоий деб Мусаллога келибмен интихоб айлаб...
Ҳирот азалдан Шарқ тамаддунининг қадимий бешикларидан бири саналади. Агар тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, афғонистонлик олимлар, маданий марказлар билан ҳам алоқалар ўрнатилса, теран томирларимизни, муштарак меросимизни тадқиқ этишда янги-янги марралар забт этилган бўлур эди.
Албатта, Афғонистондаги бўлиб ўтган уруш асоратлари ҳам сезилиб туради. Шунга қарамай, яна ва яна Алишер Навоий ва у билан ёнма-ён юрган Ҳусайн Бойқаро тасаввурга келаверади. Улар ҳам биз билан ҳамсафар бўлиб туюлаверади.
Ўзбекистондан бирга келганимиз, навоийшунос олим Олимжон Давлатов бир нарсага диққатимни қаратди: Ҳиротда дарахтлар жуда кўп эмас. Борлари ҳам, асосан, қишин-ёзин ям-яшил бўлиб турувчи сарв дарахтлари. Алишер Навоий шеърларида сарв дарахти образининг кўп учраши, ёр қадди-қомати таърифида унинг сарвга ўхшатилишининг табиий асоси мавжудлигини шаҳардаги сарвлар “исботлагандек”...
Шўро сиёсати, ундан кейин Афғонистондаги урушлар, толибон ҳаракати билан боғлиқ жангу жадаллар Ҳиротдан, Навоий фаолият юритган муҳим марказдан бизни бирмунча узоқлатиб қўйди. Ёнимиздаги мамлакатдан маънан узоқлашдик. Қалбда эса Навоийга муттасил яқинлигимиз яшайверди. ХХ асрда умргузаронлик қилган ўзбекистонлик навоийшуносларнинг бир неча авлоди Навоий мақбарасини бир зиёрат қилсам эди, дея армонда дунёдан ўтиб кетдилар.
Ҳирот сафаридан ўзим билан Навоий қабридан уч сиқим тупроқ келтиришимда балки рамзий маъно бордек. Бир сиқимини отам навоийшунос олим Содир Эркинов қабри тупроғига қўшдим. У киши бошқа навоийшунослар сингари Навоий мақбарасини зиёрат қила олмаган бўлсалар-да, Навоий хоки пойидан бир улуш у кишининг заминий бағрига келди. Яна бирисини устозларим Азиз Қаюмов ва Нажмиддин Комилов мозорига олиб бордим. Учинчисини навоийшунос шогирдимга топширдим. Зеро, у Навоий тупроғига Ўзбекистонда туриб бўлса ҳам яқинлашсин. Катта авлод навоийшунослари ишини Алишер Навоий тупроғини қўлида ва кўнглида сақлаб давом эттирсин.
Афтондил ЭРКИНОВ,
филология фанлари доктори.
ЎзА