Навоийни англаш – ўзликни англаш демакдир!
Навоийни англаш – ўзликни англаш демакдир!
Навоийшунос адибларимиз шоир адабий меросининг ўрганилмаган қирраларини кашф этиш, асарларини асл ҳолича тадқиқ этиш ва халқимизга етказиш мақсадида кенг кўламли изланишларни амалга оширмоқдалар.
Бундай тадқиқотлар натижасида навоийшуносликка оид кўплаб монография, рисола, мақола ва илмий-оммабоп материаллар чоп этиб китобхонларимиз эътиборига ҳавола этиб келишмоқда.
Ҳаётида бир марта бўлсин, Навоий ижодидан тингламаган, бир мисра бўлсин ғазал ёки рубоийсини ёдламаган, энг муҳими, унда битилган ҳикматларга амал қилиш ҳақида ўйлаб кўрмаган ўзбек йигити ёки қизини топиш мушкул.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий нафақат шоир балки, давлат арбоби сифатида бор куч ва ғайратини мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатишга қаратди. Вақф ишларини тартибга солди. Шаҳарларда соҳибкорлик, савдо-сотиқ, ҳунармандчиликни ривожлантиришга катта эътибор берди. Навоий саъй-ҳаракати билан қишлоқларда деҳқончилик маданияти ўсиб борди. Шаҳарлар, хусусан Ҳирот кун сайин обод бўлди.
У ўз давридаги адолатсизликка, ноҳақликка қарши курашди, амалдорларнинг ўз вазифаларини суиистеъмол қилишларини ва тамаъгирликларини фош этди, ожиз, камбағал ва муҳтож кишиларни ўз ҳимоясига олди.
Султон Ҳусайн Бойқаро подшоҳлик қилган, Алишер Навоий ҳукуматда бош вазир бўлган пайтларда ҳеч бир мамлакатга қарши босқинчилик урушлари олиб борилмади.
Бош вазир Алишер Навоий ўз фаолиятида ижтимоий-сиёсий масалаларни тўғри ҳал этишга интилиш, жамиятдаги барча ижтимоий қатламларга, барча қавмларга бир хил муносабатда бўлиш, ҳеч бирини камситмаслик, барчанинг манфаатига баробар хизмат қиладиган жамоат биноларини қуришга алоҳида эътибор берди.
Шоир асарларида юрт равнақи, осуда ва фаровон ҳаёт, жамиятдаги барқарорлик, ўзаро тотувлик ва аҳиллик, меҳр-оқибат муҳитини асраб-авайлашдек эзгу ғоялар мужассам. Мана улардан яна бири:
Одамий эрсанг, демагил одами,
Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами»
ушбу ҳикматни ўзининг ҳаёт қоидасига айлантирган бобомиз Алишер Навоий ҳам, «Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ», дея яхшилик қилишни ўз одатига айлантирган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам оддий инсонлар билан доимий мулоқотда бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишни ҳаёт мазмуни, олий мақсадлари деб билишган.
Агар чуқур эътибор қаратсак, Алишер Навоий асарларида улуғланган саъй-ҳаракатлар бугун юртимизда қабул қилинаётган Давлат дастурларида тўла намоён.
Жумладан, 2017 йилдан бошлаб маҳаллий давлат ҳокимияти, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилди. Барча давлат идоралари фаолиятида халқ билан мулоқот, аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатдан мутлақо янги тизимига ўтилиб, «Халқ қабулхоналари» фаолият юритмоқда, қисқа қилиб айтганда, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилмоқда.
Аллома ўз ҳикматларида таълим-тарбияли, одобли, гўзал феъл-атворли бўлиш маънавий камолотга эришишнинг асоси экани, бу сифатларга эга жамиятда тинчлик, фаровонлик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, ободлик бўлишини таърифлаган.
Ҳазрат Навоий талқинида оила маънавият ўчоғига, ота-она эса шу ўчоқни меҳри билан иситувчи машъалага ўхшатилиши бежиз эмас. Ахир онанинг маънавияти юксак бўлса, туғилажак гўдак тарбиясига таъсир этади. Она алласи, ота меҳри бола қалбида оилага, ака-ука, Ватанга муҳаббат, юртга садоқат туйғуларини шакллантиради.
Бугун юртимизда ўғил-қизларга касб-ҳунар сирларини ўргатиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила ва жамиятдаги ролини кучайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Навоий асарларида ўз аксини топган меҳр-муҳаббат, хайр-саховат каби умрбоқий ғоялар асрлар оша инсониятни ўзаро ҳамжиҳатлик ва эзгуликка даъват этиб келмоқда.
Инсон ва унинг тақдири, ҳаёти, орзу-мақсадлари Навоий ҳаёти ва ижодининг марказида бўлди. Асарларининг замирида инсонни улуғлаш, унинг қадр-қимматини ўрнига қўйиш, эъзозлаш ҳамма нарсадан устун эканлигини қуйидаги мисрадан ҳам билишимиз мумкин:
Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
Барчамизга маълумки, коронавирус пандемияси сабабли бир қанча кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар ўз даромадлари, иш ўринларини йўқотишди, қолаверса мамлакатимизда бўлган табиий офатлар кўплаб инсонларнинг турмуш шароитларининг оғирлашишига олиб келди.
Мана шундай қийин ва синовли даврларда Юртбошимиз ташаббуслари билан барча туман ва шаҳарларда «Саховат умумхалқ» ҳаракати ташкил этилди «Темир дафтари», «Аёллар ва ёшлар дафтарлари» очилиб эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилди ва уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш тизимли йўлга қўйилди.
Мухтасар айтганда, «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш - одамийликнинг энг олий мезонидир» дея айтилган сўзлар мамлакатимизда ҳаётбахш шиорга айланди, десак асло муболаға бўлмади.
Аброр Латипов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Навоий вилоят филиали инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлими бош инспектори