Навоийга эҳтиром тадбири давом этмоқда (+видео)
Фарғона шаҳри марказидаги Алишер Навоий хиёбонида улуғ бобокалонимиз ҳайкали пойида «Навоийга эҳтиром» тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят жамоатчилик вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этишди.
Тадбирни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров очиб берди ва мамлакатимизда аждодлар руҳи ҳамда ижодига бўлган беқиёс ҳурмат, эътибор ҳақида гапириб, Алишер Навоий миллат фидойиси, тилимиз асосчиларидан бири эканини алоҳида таъкидлади.
"Фарғона шаҳридаги шу муҳташам хиёбонни Навоийхонлик масканига айлантирайлик, бу ерга келганлар учун wi-fi ҳудуди ташкил этамиз ва буюк шоир ижодининг электрон вариантларини юклаб олиш, ўқиб-ўрганишга барча шароит яратамиз", деди Хайрулло Бозоров.
Тадбирда сўзга чиққан олим, шоир, ёш ижодкорлар Навоий меросининг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, ғазалларини ўқишди.
"Навоий даҳосининг буюклиги шундаки, ўша XV асрда одамларни аҳил-иноқликка чақирган. Демак, миллат, халқ, давлат қудрати аҳиллик, бирдамликда. Шундай бўлсагина, Навоий ўгитлари рўёбга чиққан бўлади", деди филология фанлари доктори, профессор Сиддиқ Мўминов.
"Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса,
Алдангани, алла бўлгани шудир,
Маърифатдан айро ўйнаса, кулса,
Аза чоғи ялла бўлгани шудир, деб ёзган эди Эркин Воҳидов.
Бу сатрлардан маълум бўладики, Навоийни ўқиш жамият учун муҳим, – дейди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Гўзал Охунова. – Алишер Навоийга устози Абдураҳмон Жомий ўз даврида «замон ва макон соҳиби» деб таъриф берган эди. Олти аср нарида ёзилган асарларда бугунги кун нафаси, муаммолари, руҳи бўй чўзиб турибди. Шунинг учун ҳам бу асарлар абадийликка дахлдор".
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/7Zead75xS8s" title="Навоийга эҳтиром тадбири давом этмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шундан сўнг Алишер Навоий ёдгорлиги гулларга бурканди. Фарғонадаги барча ўқув юртлари, меҳнат жамоаларида Навоийга эҳтиром тадбири давом этмоқда.
Муҳаммаджон Обидов