Навоийдан наво топган олим
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Таниқли адабиётшунос олим Нусратулло Жумахўжа дўстларининг дил сўзлари битилган “Навоийдан наво топган олим” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Алишер Навоий ижоди тадқиқотчиси, етук адабиётшунос олим, мунаққид, филология фанлари доктори, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Нусратулло Жумахўжа таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан тартиб берилган ушбу китобга олимнинг замондошлари, устозу шогирдларининг эътирофлари, унинг илмий-ижодий, маърифий фаолиятига бағишланган таҳлилий мақолалар киритилган.
“Адабиёт тарихининг ўзига хос нозик жиҳатларини ўрганиб, мумтоз манбаларимизни таҳлил қилишда унинг ўз ўрни, бетакрор услуби бор. У кишини ғойибан ўтган асрнинг 80-йилларидан таний бошлаганман. Матбуотда эълон қилинган мақолаларини қизиқиш билан ўқирдим. Ҳар бир мақолада бир янги гап, янгича қараш ва ўзига хос индивидуал танқидий ёндашув бўларди. Илм йўлида ўз қарашларини ҳимоя қилар экан, “бетинг-юзинг” демай, дилидагини шарт-шурт айтиб қўя қоларди. Баъзан катта олимлардан дакки еса ва муҳокамага тушса ҳам, ўз нуқтаи назаридан қайтмас, илмий ҳақиқатлар учун кураш йўлини изчил давом эттирарди” деб ёзади ўзининг “Ҳақиқатга тик боққан олим” номли мақоласида филология фанлари доктори, академик Шуҳрат Сирожиддинов.
“Навоийдан наво топган” китобини, ўқинг. Ўз йўли, ўз услубига эга олимга ҳеч қачон осон бўлмаганига яна бир бор амин бўласиз.
ЎзА