Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида икки давлат ўртасидаги бир қатор лойиҳалар юзасидан ҳам келишувларга эришилди.
Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ҳокими Нормат Турсунов Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг йиғилиши доирасида Россиянинг Челябинск области губернатори Алексей Текслер билан учрашди.
Учрашув аввалида вилоят раҳбари томонидан сўнгги йилларда Навоий вилоятида бизнес юритиш учун инвесторларга яратилган имкониятлар, вилоятнинг инвестицион салоҳияти тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.
Томонлар вилоятда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари масалаларини муҳокама қилиб, Навоий вилояти ҳокимлиги ва Челябинск области ҳукумати ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди. Икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва ижтимоий соҳалар бўйича келишув имзоланди.
Тадбир доирасида иккита муҳим лойиҳага, жумладан, вилоятда 251 миллион долларлик Навоий саноатни ривожлантириш комплекси махсус саноат парки ва “Орикс” компанияси томонидан 140 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш лойиҳаларига старт берилди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири