Навоийда “Тошўрмон” борлигини билармидингиз?
Она юртимиз нафақат тарихий обидалар, муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжолар, балки бой табиат оламига ҳам эга. Айниқса, кеча ва бугунни боғловчи, олис ўтмишдан ҳикоя қилувчи тош ўрмонлари ажойиб ва ғаройиб табиат мўъжизасидир.
Ўттиз миллион гектар майдонда ястаниб ётган Қизилқум саҳроси ўзига хос флора ва фаунасига эга. Навоий вилоятининг Учқудуқ туманига қарашли Мингбулоқ қишлоғидан 30 километр узоқликда жойлашган Жарақудуқ дараси ноёб палеонтологик музей ҳисобланади. Илмий фаразларга кўра, бу ерда тахминан 90-95 миллион йиллар аввал ҳудуддаги чинор (платан) ва қирққулоқ (папоротник)ларнинг тошга айланиши натижасида “Тош ўрмон” юзага келган.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида ноёб тошларнинг сеҳрли оламини ўзида мужассам этган “Тошўрмон”лар мавжуд. Масалан, Юнань провинциясида 350 квадрат километрни эгаллаган “Тошўрмон” (Shilin) миллий парки Хитойнинг табиий ёдгорликлари рўйхатига киритилган. Лена дарёсининг Якутск оқимидан 60 километр юқорида жойлашган яна бир “Тошўрмон” сайёҳларнинг севимли масканига айланган.

Болгарияда эса Варна ва София шаҳарлари оралиғида жойлашган ажойиб “Тошўрмон” 50 миллион йиллар олдин денгиз бўлган бу жойларда сув тугаб, кварцли қумлар бирлашган ва мустаҳкам тош устунларига айланиши натижасида вужудга келган. Тахминларга кўра, АҚШнинг Аризон чўлларида ястаниб ётган “Тошўрмон” энг катта ҳудудга эга. Мадагаскарнинг Цинги-де-Бемараха (Tsingy de Bemaraha) миллий боғидаги тош ўрмон антиқалиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Оҳактошли плато келиб чиқиши карст бўлган ўткир учлар билан қопланган. Ушбу минерал ҳосилалар турли-туман шаклларга эга.

Бу каби тарихий ва афсонавий табиат мўъжизаларига эга давлатлар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам борлиги барчамизни бирдек қувонтиради.

Бу мўъжиза Тетис денгизи қирғоқлари ва унга келиб тушган метеоритлар билан боғлиқ деган тахминлар бор. Айтишларича, коинотдан ерга метеоритларнинг қулаши натижасида денгиз суви парчаланиб, бу ерлар юз йиллар давомида қуёш нуридан панада – чанг ва тўзон гирдобида қолади. Натижада барча физик жинслар кимёвий тарзда қоришиб денгиз атрофидаги ўрмонзорлар, сувда ва қуруқликда яшаган ҳайвонлар ўзга бир шаклга, яъни тошга айланади.

– Қизилқум бағридаги “Тош ўрмон”да тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, дарахт танаси ва меваларини, ҳатто ўрдакбурун динозаврнинг тошга айланган болдир суякларини ҳам кўриш мумкин, – дейди тарихчи олим Рамазон Эгамов. – Буларнинг барчаси қачонлардир Қизилқум ўрнида улкан уммон бўлганлигидан далолат беради. Шунингдек, “Тош ўрмон”ни шаклланишида қуйидаги фаразлар бор: ўша даврда дарахтлар ва сув остида ўсадиган паст буталар дарё бўйларида жойлашган. Атрофдаги қумлар сув билан оқиб келиши натижасида аста-секинлик билан дарахт атрофларига йиғилиб, тошга айлана бошлайди. Натижада ўсимликлар қурийди. Бутунлай қуриб битган дарахтлар ўрнида бўшлиқ пайдо бўлади ва бу бўшлиқ қум, чўкиндилар билан қопланади. Миллион йиллар давомида бу чўкиндилар тошга айланган.

“Тошўрмон” ноёб геологик, палеонтологик, тарихий ва табиий объект сифатида дунё олимларини ҳамон ўзига жалб қилмоқда.
2000-2006 йилларда палеонтолог олим, профессор Жеймс Девид Арчибальд раҳбарлигида Ўзбекистон, Россия, Буюк Британия, Америка ва Канада давлатлари ҳамкорлигида экспедиция фаолият юритган. Натижада Қизилқум табиатининг бундай ноёб мўъжизаси тўғрисида кўпчилик хабардор бўлган.

Бугунги кунда мазкур ҳудуд туризм объекти сифатида маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг севимли масканларидан бирига айланиб бормоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 мартдаги “2022 йилда туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, маданий мерос объектларини реставрация, консервация қилиш ва ободонлаштириш ҳамда туризм ва ёндош инфратузилмани қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва маданий-кўнгилочар инфратузилмаларни ривожлантириш бўйича Лойиҳалар рўйхатига асосан “Тош ўрмон” табиий-археология ёдгорлигининг теварак атрофини 3Д панжара билан ўраш, қуёш батарея панеллари, кузатув камералари, тунги ёритгич чироқлари ўрнатиш” ишлари амалга оширилди, – дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Хўжаев. – Бугунги кунда сайёҳлар учун ҳудудда гид, этник анимацион, от ҳамда туяларда сайр, агротуризм хизматлари, фольклор ижроси, ҳунармандчилик, миллий таомлар тайёрловчи гастро хонадонлар, уй музейлари, туя сутидан тайёрланган сут маҳсулотлари ва даволаш усуллари ҳамда савдоси хизматлари ташкил этилган. Мингбулоқ овулида оилавий меҳмон уйлари ва дам олиш масканлари ташкил этилиб, янги турмаршрутларга киритиш орқали “Тош ўрмон” табиий-археология ёдгорлигига ташриф буюрувчи сайёҳлар сони ортиб бормоқда.
Албатта, тарихнинг ўқилмаган саҳифаларига муҳрланиб қолган тошлар ўрмони табиат мўъжизаси бўлиши билан бирга, давлат ва халқ бойлиги саналади. Айни пайтда бу каби ноёб ва беқиёс масканлар бебаҳо мерос сифатида асраб-авайланмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири