Навоийда лифт ишлаб чиқарилмоқда
Бугун тадбиркорларимиз томонидан янги лойиҳалар, хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, юртимиз иқтисодиёти ва халқ фаровонлиги юксалишига хизмат қилмоқда.
Бугун тадбиркорларимиз томонидан янги лойиҳалар, хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, юртимиз иқтисодиёти ва халқ фаровонлиги юксалишига хизмат қилмоқда. Бу, албатта, мамлакатимизда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар натижасидир.
Навоий эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган “Golden Lift” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси ҳам ана шундай корхоналардан биридир. Жўрабой Жиянов томонидан Хитой билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур корхона 2018 йил 6 ноябрда ташкил этилган бўлиб, одам ва юк ташувчи лифт ускуналарини ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва ўрнатиш фаолияти билан шуғулланади.
Лойиҳа қиймати 1 991 563 АҚШ долларини ташкил этган “Golden Lift” МЧЖ ҚК йилига одам ташувчи 1000 дона ҳамда юк ташувчи 500 дона лифт ишлаб чиқариш қувватига эга. 2019 йилда 1 158,8 миллион сўм, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида эса 2 459,8 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Айни пайтда корхонада 40 та иш ўрни яратилган.
– “Golden lift” Ўзбекистонда замонавий технологиялар асосида энг сифатли ва ишончли лифтларни ишлаб чиқарувчи корхона бўлиб, республикамиз бўйлаб кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари ва ижтимоий объектлар учун ҳам жаҳон андозалари даражасидаги лифт ҳамда лифт ускуналарини етказиб бериш, ўрнатиш фаолиятини узвий амалга ошириб келмоқда, – деди қўшма корхона бош директори Жўрабой Жиянов.
– Завод айнан Навоий вилояти эркин иқтисодий зонасида жойлашгани сабабли турли афзалликларга эга бўлиб, ҳамкорлар учун йўловчи, касалхона, юк ташиш, гараж лифтлари, эскалаторлар, пўлат эшикларнинг кенг турдаги ассортиментлари ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, ҳозирда компания нафақат Ўзбекистон, балки Россия ҳамда МДҲ давлатларида ҳам кўплаб қурилиш соҳасининг етакчилари билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.