Оловни “тилсиз ёв”, дейишади. Унинг оқибатида барча нарса кулга айланади, қанчадан-қанча инсонлар тан жароҳат олади ёхуд уларнинг ҳаётига нуқта қўйилади.
Навоий вилоятида 2021 йил давомида 331 та ёнғин содир бўлиб, натижада 9 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган бўлса, 8 нафар фуқаро вафот этган. Етказилган зарар миқдори эса қарийб 2,4 миллиард сўмни ташкил этади.
Тизим ходимларининг таъкидлашича ёнғин ўз-ўзидан келиб чиқмайди – содир бўлаётган ёнғинларнинг 35 фоизга яқини оловдан фойдаланишдаги эҳтиётсизлик натижасида содир бўлади.
Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан корхона ташкилотлар ҳамда аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, якунланган йилда Давлат ёнғин назорати органлари ходимлари томонидан 1 минг 364 та корхона, муассаса ва ташкилотларда тўлиқ, 1 минг 291 тасида қайта ва 7 минг 400 тасида тезкор текширишлар ўтказилган.
– Текширувлар давомида масканларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида 28 минг 149 та камчилик аниқланиб, ушбу камчиликларнинг 24 минг 952 тасини бартараф этишга эришилди, – дейди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маъмурий ва терговга қадар текширувни юритиш бўлим бошлиғи Муҳсин Эргашев. – Текширувлар натижалари бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган, ёхуд Давлат ёнғин назорати органлари ходимларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаган 968 нафар раҳбар, жавобгар шахслар ва фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 211-моддасига асосан, маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди. Ёнғин чиқиш хавфи остида фойдаланилаётган 439 та бино ва иншоотларнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди, 4 минг 812 та носоз электр ускуна, мослама ва агрегатларидан фойдаланиш таъқиқланди. Шунингдек, вилоятда ёнғин хавфсизлигини таъминлашда мавжуд муаммо, камчиликлар юзасидан вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларига 234 та, юқори ташкилотларга 361 та ахборотнома, маълумотнома ва тақдимномалар киритилди.
Ёнғин келиб чиқиши ва турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизим ходимлари томонидан турли ташкилот, корхоналар, савдо дўконлари ва аҳоли яшаш хонадонларида профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Тарғибот-ташвиқот жараёнларида келиб чиқиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, ёнғинлар, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида маълумот ва тавсиялар берилмоқда.
Вилоят ҳудудида содир этилган 331 та ёнғин тафсилотлари таҳлил этилганда уларнинг аксарияти фуқароларимиз томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик, масъулиятсизлик натижасида содир бўлмоқда.
Бу эса аҳоли яшаш жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бориш лозимлигини англатади. 2021 йилда 748 минг 551 маротаба аҳоли турар жойининг ёнғинга қарши техник ҳолати текширилди.
– Аҳоли турар жойлари ва корхона, ташкилотларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши ҳолатларини ўрганиш давомида 2 минг 581 та печнинг хавфсизлик автоматикаларининг носозлиги, 2 минг 176 та носоз дудбўрон, 349 та ностандарт ускуналар орқали газ мосламаларига уланганлиги ҳолатлари аниқланиб, ташкил этилган 44 та таъмирлаш-тиклаш отрядлари томонидан ушбу камчиликларни бартараф этиш ишлари олиб борилди, – дейди ёнғин назорати ва профилактикасини ташкил этиш бўлими бошлиғи Азизжон Таниев. – Ўтказилган тадбирлар жараёнида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида аниқланган 23 минг 284 та камчиликдан 21 минг 17 таси жойида бартараф этилди. Шунингдек, 10 минг 133 маротаба корхона ва ташкилотларда 144 минг 408 нафар ишчи ва хизматчилар ва 6 минг 202 маротаба маҳаллаларда 95 минг 405 нафар фуқаролар билан учрашувлар ташкиллаштирилди. Тушунтириш ишлари давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тарғиб қилувчи 200 мингдан ортиқ эслатмалар тарқатилди.
Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари томонидан вилоят ҳудудида тунги вақтда кўплаб инсонлар қоладиган 59 та маскан ҳамда 64 та қурилиш объектида 283 маротаба тунги текширувлар ўтказилди.
Текширувлар давомида 46 та носоз “қўлбола” усулда ясалган электр иситиш печи, 24 та ностандарт ускуналар билан газ тармоғига уланиш, 69 та печнинг носоз хавфсизлик автоматикаларидан фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
Вилоят ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига тегишли ёнғин хавфлилиги бўйича 1-гуруҳга кирадиган объектларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, 2022 йил давомида ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширув режаси тасдиқланди.
Режага асосан жорий йилнинг дастлабки ойида 10 та тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларнинг ёнғинга қарши техник ҳолати ваколатли органни хабардор этиш тартибида текширувдан ўтказилди.
Албатта, жойларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, профилактик тадбирларни кучайтириш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолаверади. Зеро, ҳар доим юрт равнақи ва тараққиёти йўлида мавжуд ресурсларни келиб чиқадиган ёнғинлардан муҳофаза қилиш, моддий-товар бойликлар хавфсизлигини таъминлаш муҳимдир.
Абдували Бўриев, ЎзА