“Навоий ёди ила яшаймиз мудом”
Сурхондарё вилоятида буюк шоир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллигига бағишланган давра суҳбати, учрашув, бадиий кеча ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида ташкил этилган адабий-бадиий кеча “Навоий ёди ила яшаймиз мудом”, деб номланди.

Олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари, адабиётшунос олимлари, талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда институт ректори Ойбек Рўзиев ва бошқалар буюк аждодимизнинг ўзбек миллий давлатчилиги, адабиёт, маънавият ва маърифат, тилшунослик фанлари ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида атрофлича сўз юритди. Навоий ҳазратларининг жамият ва инсоният олдидаги улуғ хизматлари нафақат ўша замон, балки ҳозирги давр ҳамда келажакда ҳам ўз қийматини йўқотмаслиги тўғрисида фикр алмашди.


– Буюк бобомиз ижодида инсонпарварлик, комиллик, эл-юртга наф келтириш каби эзгу ғоялар илгари сурилган, – дейди Ойбек Рўзиев. – Бундай юксак фазилатларни олий саодат, деб билган ул зот ўлмас асарларида комил инсон, халқпарварлик, миллатлараро дўстлик, тинчлик ва осойишталикни кенг тараннум этган. Бу бебаҳо маънавий мерос миллат тарбияси, ёшларни Ватанга садоқат, миллий қадрият ва урф-одатларимизга чексиз ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим роль ўйнашини барчамиз яхши биламиз. Асрлар ўтса ҳамки ғазал мулки султонининг асарлари ўз қадр-қимматини йўқотмайди. Аксинча, бебаҳо бу бойликка инсониятда маънавий эҳтиёж ошиб бораверади.

Адабий-бадиий кечада Алишер Навоийнинг нафис ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди. Асарлари асосида яратилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири