Навоий вилоятининг бош нашри 40 ёшда
Навоий вилоятининг бош нашри “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти 40 ёшга тўлди. Шу муносабат билан Кармана туманидаги “Истиқлол” тантаналар уйида адабий-бадиий тадбир ташкил этилди. Унда дастлаб вилоят ҳокими ўринбосари Саъдулла Мирзаев вилоят ҳокимининг “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари таҳририяти жамоасига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Тадбирда газетанинг эришган ютуқлари, ижодий жамоанинг муваффақиятлари, таҳририятнинг вилоят медиа майдонидаги ўрни хусусида батафсил маълумот берилди.
— “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари ўтган вақт давомида қанча довонларни босиб ўтди ва бугун ҳам у ўзининг кўп минг сонли мухлислари томонидан севиб ўқилмоқда, – дейди ушбу таҳририятда кўп йиллар бош муҳаррир лавозимида ишлаган фахрий журналист Иброҳим Жумаев. — Ўтган давр мобайнида ушбу ижод кошонасида қанчалаб ёш журналистларнинг қалами чархланди, қайноқ меҳнат жараёнлари давомида қанчалаб шоиру ёзувчилар, ёш дизайнерлар, техник ходимларнинг маҳорати оширилди. Мен ўзим ҳам бир неча йиллар ушбу отахон газетанинг бош муҳаррири бўлиб ишлаганимдан, вилоятимиз газеталари ривожига оз бўлса-да ўз ҳиссамни қўшганимдан фахрланаман.
Таъкидлаш жоизки, “Дўстлик байроғи” ва “Знамя дружбы” газеталари ташкил топганлигининг 40 йиллиги юбилейи муносабати билан “Қирқинчи бекат” китоби нашрдан чиқарилди. Мазкур китобга ушбу газеталарнинг ташкил этилиш тарихи, унда фаолият олиб борган фидойи, заҳматкаш журналистларнинг ҳаёти, шижоатли меҳнати ва газетанинг бугунги фаолияти тўғрисида ҳам маълумотлар киритилган.
— Келгусида режаларимиз катта, — дейди бош муҳаррир Бобоқанд Умаров. — Газета саҳифаларини янада ранг-баранг қилиш, ижодий жамоани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий босмахона ускуналари ўрнатиш, ҳар йили вилоятимиз ижодкорларининг жамоа тўпламлари, баёзларини чиқаришни ташкил этиш ва бошқа бир қатор вазифаларни амалга оширишни ўз олдимизга мақсад қилганмиз. Зеро, 40 йилдан буён вилоятимиз аҳлининг севимли нашри бўлиб келаётган газетамизни янада ўқимишли қилиш, ўқувчиларимизни энг сара янгилик ва ахборотлар, тукум материаллар билан баҳраманд этиш бугун фаолиятимизнинг асосий мезонига айланган.
[gallery-12480]
Пойтахт ва қўшни вилоятлардан ташриф буюрган ижод аҳли, вилоят журналистлари, таҳририятда меҳнати сингган ходимлар таклиф этилган мазкур тадбирда газета жамоасига “Фахрий ёрлиқ”, “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирга маданият ва санъат вакиллари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва дилрабо рақслар янада кўтаринкилик бағишлади.
А.Бўриев,
С.Аслонов (сурат), ЎзА