Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳадаги субъектлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, турли имтиёзлар берилиб, уларга субсидиялар ажратилмоқда.
Жумладан, Навоий вилояти ҳам ўзининг туризм салоҳияти билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Бугунги кунда вилоятдаги кўплаб зиёратгоҳлардан хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар қадами узилмайди. Уларга муносиб шароит яратиб бериш мақсадида ҳар йили кўплаб жойлаштириш воситалари ташкил этилмоқда. Биргина 2025 йилнинг I чораги давомида 23 та жойлаштириш воситалари, жумладан, 2 та меҳмонхона, 20 та оилавий меҳмон уйи ва 1 та ўтовли оромгоҳ ташкил этилди. Шунингдек, 14 та туркомпаниялар фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 76 тага, турмаршрутлар сони эса 84 тага етказилди.
– 2017 йилда вилоят бўйича фақатгина Навоий шаҳрида 6 та меҳмонхонада 370 та ўрин мавжуд эди, – дейди вилоят туризм бошқармаси бош мутахассиси Комилжон Нормаматов. – Юртимизда 90 дан ортиқ давлатлар билан визасиз режим жорий этилганлиги, вилоятда туризм соҳаси қўллаб-қувватланаётганлиги натижасида меҳмонхоналарга бўлган талаб кескин ортди. Бугунги кунда вилоятдаги жойлаштириш воситалари сони 260 тага, ўринлар сони 7 минг 400 тага етказилди. Уларнинг 54 таси меҳмонхона, 15 таси дам олиш масканлари, 41 таси хостел, 8 таси ўтовли лагер бўлса, 142 тасини меҳмон уйлари ташкил этади.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йилнинг 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари вилоятга ташрифи давомида 2025 йилда Навоийга 500 минг хорижий туристни жалб қилиш ва бу хизмат экспортини 150 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилиб, йўл бўйларида енгил конструкцияли шохобчалар ташкил этган ҳолда савдо ва сервис хизматларини кўпайтириш имконияти кўрсатиб ўтилган эди.
Вилоятда туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида 52,6 минг нафар хорижий ва 269,6 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташрифи кузатилди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,2 баробарга кўп деганидир. Туризм экспорти ҳажми эса 15,8 миллион долларга етказилди. Бутунжаҳон туризм ташкилотининг (ЮНВТО) Самарқанд саммитида Сентоб қишлоғини энг яхши туризм қишлоғи, деб тан олинганлиги натижасида Сентобга АҚШ, Германия, Франция, Испания каби кўплаб давлатлардан келаётган хорижий сайёҳларнинг сони 2,2 баробарга кўпайди.
– Вилоятга сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш мақсадида Нуротадаги “Чашма” зиёратгоҳини “Имом Бухорий” ёдгорлик мажмуаси ва Бухоро вилоятидаги “Етти пир” зиёратгоҳлари билан боғлаган ҳолда “Туризм ҳалқаси” дастури ишлаб чиқилди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Саъдулла Мирзаев. – Ушбу маршрутга 18 та маданий мерос объекти, 8 та туризм қишлоғи ва маҳаллалар, 130 та туризм объекти ва Нурота туманидаги ҳунармандчилик маркази киритилган. Ҳозирда ушбу маршрутда жойлашган Хатирчи туманининг Лангар маҳалласини ҳам Сентоб маҳалласи андозасида туризм маҳалласига айлантириш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган. Бу ерда “Турон банк” томонидан қиймати 1,5 миллиард сўмлик сельфи майдончаси, кемпинглар ташкил этилди. Маҳаллада меҳмон уйларига бўлган талаб ошиб бормоқда. Ўтган уч ойда уларнинг сони 20 тага етказилди. Тоғ ҳудудига пиёда чиқиш (трекинг) йўналиши оммалаштирилди. Америкада ишлаётган хатирчилик тадбиркор Карим Гаппаров 2 миллион долларлик дам олиш маскани, яшаш ва овқатланиш хизматларини ташкил этяпти. Бу ерга 2025 йилда 22 минг нафар хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда. Хатирчи, Нурота, Навбаҳор, Кармана, Қизилтепа туманларини қамраб олган 340 км масофада 60 та объектдан иборат 14 та туризм маршрутлари яратилиши натижасида сайёҳларнинг вилоятда қолиш муддати 2-3 кунга узайди. Март ойида Москва шаҳрида бўлиб ўтган “MITT-2025” халқаро туризм ярмаркасида хорижий давлатлардан сайёҳлар оқимини янада ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
[gallery-23167]
Таъкидлаш ўринлики, республикада биринчилардан бўлиб Навоий тажрибаси асосида Навоий шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчилар учун “Туризм” тўгараги ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур тўгаракка 100 дан ортиқ ўқувчилар жалб қилинган. Конимех туманининг олис Янгиқазған, Дўнгалак қишлоқларидаги 70 га яқин оилада эса сайёҳлар учун турли хизматлар йўлга қўйилган.
Президентимиз томонидан жорий йилнинг 9 апрель куни ҳудудларнинг туризм салоҳиятини ошириш, хорижий инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида туризмни янада ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган эди.
Белгиланган топшириқлардан келиб чиққан ҳолда 2025 йил давомида вилоятда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, йил якунига қадар қиймати 232,2 миллиард сўмлик 38 та жойлаштириш воситалари ташкил этилиб, 560 та янги иш ўрни яратилади. 500 минг нафар хорижий, 2,5 миллион маҳаллий сайёҳлар ташрифи амалга оширилиб, туризм экспорт хизмати 150 миллион долларга етказилади. Хатирчи туманидаги Ангидон қишлоғига туризм хизматларини янада кўпайтириш, меҳмон уйларини ташкил қилиш, қулай инфратузилмани яратиш ҳисобига “Туризм қишлоғи” мақоми берилади.
Шунингдек, Нурота тумани ҳудудида жойлашган Айдаркўл сув ҳавзаси атрофида 150 гектар ер майдонида дам олиш ва пляж туризмини ривожлантириш мақсадида туризм лойиҳалари ташкил этилади. Ҳозирда Айдаркўл сув ҳавзаси бўйида бир вақтнинг ўзида 3 минг нафар сайёҳга хизмат кўрсатувчи туризм объектлари мавжуд. Қўшимча равишда ов қилиш, чўлда сайр қилдириш, транспорт ва бошқа кўплаб хизматлар ташкил этилган.
Қизилтепа туманидан ўтувчи М-37 халқаро автомагистрал йўл бўйи ҳудудида эса “Карвонсарой” лойиҳаси ташкил этилса, Конимех туманида 50 та ва Нурота туманида 10 та капсула ҳамда модулли жойлаштириш воситалари фаолияти йўлга қўйилади. 4 та маданий мерос объектлари тадбиркорлик субъектларига ижарага берилади.
– Вилоят ҳудудида туризмни ривожлантириш борасида бир қатор ташаббуслар ҳам илгари сурилмоқда, – дейди ҳоким ўринбосари С.Мирзаев. – Биринчидан, рекреацион туризм йўналиши ривожлантирилади. Хатирчи тумани “Олтинсой” МФЙ ҳудудида термал булоқ сувлари таркибида 21 та минераллардан иборат табиий иссиқ термал булоқ сувларидан фойдаланган ҳолда 2 та тадбиркор томонидан қиймати 21 миллиард сўмлик 500 кишига хизмат кўрсатувчи соғломлаштириш объектлари ташкил этилади. Натижада йилига 90 минг нафар кишига хизмат кўрсатилади. Иккинчидан, сафари туризм йўналишида жорий йилнинг 3-чорагида Конимех тумани Қизилқум саҳросида 300 ётоқ ўринли 900 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган 40 та ўтов, 2 та глемпинг, 2 та ресторан, овчилик ва транспорт хизматини кўрсатувчи “Сафари” туризм кластери ишга туширилади. Учинчидан, Навоий шаҳрида конгрессхол, апартамент, овқатланиш, соғломлаштириш, бизнес маркази ташкил этилади. Вилоятда илк бора MICE туризм объектлари ташкил этилади. Тўртинчидан, тиббий туризм йўналишида табиати сўлим Сармишсой дарасининг тоғ ён бағрида қиймати 10 миллиард сўмлик дам олиш, даволаниш ва соғломлаштириш маскани ташкил этилади. Бешинчидан, агротуризм йўналишида туркиялик ҳамкорлар билан М-37 автомагистрал йўл бўйида қиймати 4 миллион долларлик экобоғ ташкил этилади. Мазкур боғда хорижий бренд компаниялар иштирокида 4 та ресторан, замонавий меҳмонхона, болалар ўйингоҳи, савдо марказлари фаолияти йўлга қўйилади. М-37 автомагистрал йўлини Туризм транспорт коридорига айлантириш орқали йиллик саёҳатчилар оқимини 500 мингдан оширишга эришилади.
Хуллас, вилоятда туризмни янада ривожлантириш бўйича режалар улкан. Фақатгина ушбу режаларни амалга ошириш керак. Бунинг учун вақт ҳам, тажриба ҳам етарли. Жараёнларни кузатишда давом этамиз.
А.Бўриев, ЎзА мухбири