Ўзбекистон нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда сайёҳлик марказларидан бири саналади. Мамлакатимизда ўтмишнинг турли даврларига хос ноёб тарихий, меъморий обидалар мавжуд бўлиб, қадимий шаҳарлардаги замонавий меъморчилик ўтган асрлардаги ёдгорликларимиз билан уйғунлашган.
Ўз навбатида Навоий вилоятидаги қадимий маданий мерос объектлари ва туризм масканлари ҳам йилдан йилга сайёҳлар эътиборини тортиб келмоқда.
Бунга мамлакатимизда олиб борилаётган очиқлик ва яқин қўшничилик сиёсати, виза режимининг енгиллаштирилиши, туризм ва ёндош соҳаларга божхона, солиқ имтиёзлари ҳамда ссуда, грант ва субсидияларнинг ажратилиши, транспорт логистика тизимининг ривожланиши, жойларда инфратузилманинг яратилиши муҳим омил бўлмоқда.
Маълумотларига кўра, якунига етган 2023 йилда вилоятга 158 минг нафар хорижий сайёҳ, 1 миллион 406,4 минг нафар маҳаллий сайёҳ келган.
– 2023 йил том маънода вилоятимизда туризм тармоғи ривожланган йил бўлди дейиш мумкин, – дейди вилоят Туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Хўжаев. – Хусусан, Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ЮНЕСКО Жаҳон мероси қўмитасининг йиғилишида Буюк Ипак йўлининг Зарафшон – Қорақум коридори Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилганлиги, рўйхатга Навоий вилоятидан илк маротаба 5 та объект киритилганлиги қувонарлидир. Бундан ташқари, 16-20 октябрь кунлари Самарқандда ўтган Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблиясининг 25-сессиясида “Best tourism village”, яъни 2023 йилнинг “Энг яхши туризм қишлоғи” номинациясида Нурота туманидаги Сентоб қишлоғи биринчи ўринга муносиб кўрилди. Сентоб қишлоғининг мазкур номинацияда ғолиб деб топилиши, шубҳасиз, соҳадаги ислоҳотлар самарасидир.
Кейинги йилларда туризм хизматлари экспорти ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, 2023 йил якуни бўйича 39,7 миллион АҚШ доллари миқдорида туризм хизмати экспорти амалга оширилди.
2023 йилда умумий қиймати 138 миллиард сўмлик 44 та лойиҳа ишга туширилиб, улар ҳисобига 431 та янги иш ўрни яратилди. Натижада вилоятдаги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари сони 210 тага, улардаги ўринлар сони эса 6227 тага етказилди. Ўтган йил давомида 24 та янги туркомпания фаолияти йўлга қўйилиб, ҳозир улар сони 49 тани ташкил этмоқда.
Туризм соҳасида эришилаётган ютуқлар замирида вилоятда инфратузилманинг босқичма-босқич ривожлантирилаётганлиги асосий мезонлардан бири, десак хато бўлмайди. Якунланган йилда 96 миллиард сўм маблағ ҳисобидан вилоятдаги туризм объектларига олиб борувчи 44,3 км йўл-транспорт инфратузилмаси яхшиланди. Навоий шаҳрида туризм ва гастрономик кўчаси ташкил қилинди. Сармишсой давлат музей қўриқхонасида кириш дарвозаси, автотураргоҳ, ЛЕД лампалар, санитария-гигиена шохобчалари, пиёдалар йўлакчаси, айвонлар, ўриндиқлар ташкил этилиб, туризм ва ёндош инфратузилмалари яхшиланди.
Бугунги кунда вилоятнинг Хатирчи туманида ҳам туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Лангар қишлоғи ҳамда Олтинсой ҳудудида бу борада манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.
Туманга 2023 йил давомида 184 минг нафар маҳаллий, 8 минг нафар хорижий сайёҳлар келган бўлса, биргина Лангар қишлоғига 80 минг нафардан зиёд маҳаллий, 2 минг нафар хорижий сайёҳ ташрифи кузатилган.
Лангар қишлоғи туман марказидан 50 км узоқликда, баланд тоғлар орасида жойлашган. Ҳар доим қишлоқнинг табиати, тоза ҳавоси, миллий таомлари ва қишлоқ ҳаёти маҳаллий ва хорижий сайёҳлар эътиборини тортиб келган.
– Қишлоқда 20 та оилавий меҳмон уйи, 3 та дам олиш маскани ҳамда 15 турдаги туризм хизматлари ташкил этилиб, 200 га яқин ишсиз аҳоли, хотин-қизлар доимий иш ўринларига эга бўлди, – дейди Туризм бошқармаси бош мутахассиси Ҳилола Худойбердиева. – Бугунги кунда қишлоқда 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти мавжуд. Бу ерда сайёҳлар учун гид, этник анимацион, фольклор ижрочилиги, ҳунармандчилик, миллий таомлар тайёрловчи гастро хонадонлар, уй музейлари, от ҳамда эшакларда сайр, агротуризм каби хизматлар йўлга қўйилган. Шунингдек, диққатга сазовор жойлардан эски қўрғон қолдиқлари, Тализар қалъаси, қадимий ғорлар, Лангар мақбараси, Оқсув шаршараси,Лангарсой мавсум давомида ташриф буюрувчи сайёҳларнинг энг севимли масканидир. Келгусида Лангар қишлоғида “Туризм қишлоғи” талабларига мувофиқ жойлаштириш воситалари сонини ошириш, янги хизмат турларини йўлга қўйиш ва экстремал туризмни ривожлантириш ва бу орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сонини янада кўпайтириш режалаштирилган.
[gallery-16041]
Жорий йилда ҳам вилоятнинг туризм салоҳиятидан оқилона фойдаланган ҳолда тизимни янада ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш орқали аҳоли даромадларини ошириш, турмуш тарзини яхшилаш кўзда тутилган. Бунинг учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари