Навоий давлат университети Аниқ фанлар факультети томонидан “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида навбатдаги эзгу ташаббус амалга оширилди.
Факультет профессор-ўқитувчилариҳамда “Ёш кўмакчи” кўнгилли талабалардан иборат жамоа Кармана туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, ўқувчи ва ўқитувчиларга 250 дан ортиқ бадиий адабиёт ва шеърий тўпламлар совға қилишди.
– Маърифат улашиш ва билим тарқатиш жамият тараққиёти ҳамда ҳар томонлама ривожланишнинг муҳим омилларидан биридир, – дейди факультет декани ўринбосари Ғиёс Юсупов. – Бу жараён илм-фан, таълим, маданият ва технологиялар орқали турли соҳа вакилларига билим беришни ўз ичига олади. Китоб эса барча билимларнинг калитидир. Бу ҳикмат бежизга айтилмаган. Китоблар орқали билим тарқатиш, ўқув маданиятини ривожлантириш ва китобхонликни қўллаб-қувватлаш маърифатли жамиятнинг ажралмас қисмидир. Совға сифатида китоб бериш инсонлар орасида маърифат тарқатишнинг энг оддий, аммо самарали усулларидан биридир.
Тадбирда ўқувчилар билан турли мавзуларда суҳбатлар қилиниб, уларга китоблар тақдим этилди.




***
“Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан Ёшлик маҳалласида профилактик тадбир ўтказилди.
Унда истеъмолчиларга замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичларидан фойдаланиш, уларнинг афзалликлари, ис гази тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.
– Куз-қиш мавсуми табиий газ истеъмолчилари учун ҳушёрликни талаб қиладиган масъулиятли палла, – дейди “Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими етакчи муҳандиси Шокир Расулов. – Бу мавсумда, айниқса, хонадонларни иситишда газ печларининг созлиги, дудбуронларнинг тозалигига эътиборли бўлиш керак. Буларга аҳамият қаратмаслик ис газидан заҳарланишга олиб келиши мумкин. Ис гази рангсиз, ҳидсиз бўлиб, ўлимгача олиб боради. Бугунги тарғибот тадбири давомида хонадонма-хонадон юриб, ис газидан огоҳ бўлиш, унинг олдини олиш борасида истеъмолчиларга тушунчалар бердик.
Тарғибот тадбирлари маҳаллалар кесимида давом этиб, табиий газдан тўғри фойдаланишга оид эслатмалар тарқатилмоқда.



***
Навоий шаҳрида миграциядан қайтган ва хорижда ишлаш истагида бўлган хотин-қизлар билан учрашув ўтказилди.
Унда сўзга чиққанлар аёллар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунар ўрганишга, ўз бизнесини йўлга қўйишга ва ижтимоий фаоллигини оширишга кўмаклашиш масалалари ҳақида сўз юритиб, мамлакатимизда аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат дастурлари, субсидиялар ва имтиёзли кредитлар тўғрисида маълумотлар берилди.



Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда уларга хавфсиз меҳнат миграцияси масалаларида амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири